Таълим муассасаларига қатнаш имкониятига эга бўлмаган ногирон болаларнинг уйда якка тартибда таълим олиши, махсус адабиёт ва қўлланмалар билан таъминланиш ҳолати бўйича ўрганиш якунлари халқ депутатлари Хонобод шаҳар Кенгаши сессияда кўриб чиқилди.
Қайд этиш керак, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг сайловолди дастурида “ногиронлиги бўлган болаларни зарур махсус адабиёт ва қўлланмалар билан таъминлашни ўз ичига оладиган инклюзив таълим тизимини янада ривожлантириш” партиянинг асосий фаолият йўналишларидан бири сифатида белгилаб қўйилган. Таълим муассасаларига қатнаш имкониятига эга бўлмаган ногирон болаларнинг уйда якка тартибда таълим олиши, махсус адабиёт ва қўлланмалар билан таъминланиш ҳолати ҳам ушбу вазифалар доирасида ўрганилди.
Бугунги кунда ушбу масала Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 октябрдаги 638-қарори билан тасдиқланган “Жисмоний, ақлий, сенсор ёки руҳий нуқсонлари бўлган, шунингдек, узоқ вақт даволанишга муҳтож бўлган болаларга уйда якка тартибда таълим бериш тартиби тўғрисида”ги Низом талаблари тартибга солинади.
Ўрганишда маълум бўлишича, мактабга кела олмайдиган болалар дарсликлар ҳамда ўқув қуроллари билан таъминланган, синф раҳбарлари бошчилигида уларнинг ҳолидан синфдошлари мунтазам хабар олиб туради. Шунинг билан бирга, ушбу ишлар баъзи мактаблар томонидан ўз ҳолига ташлаб қўйилгани боис, ўқувчиларнинг етарли даражада билим олиши учун зарур шароит яратилмаган.
Сессия кун тартибидаги масала атрофлича муҳокама қилиниб, тегишли қарор қабул қилинди. Қарорда шаҳар халқ таълими бўлими бошлиғига ишчи гуруҳ томонидан аниқланган камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этиш бўйича зарур чораларни кўриш топширилди ҳамда таълим муассасаларига қатнаш имкониятига эга бўлмаган болаларнинг уйда якка тартибда таълим олиши билан боғлиқ масалалар депутатларнинг доимий назоратида бўлиши белгилаб олинди.
Жаҳонгир Олимов,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъул ходими.