Адашганни тўғри йўлга бошлаш, кечиримлилик халқимизнинг азалий қадриятларидан. Сабаби қайси мамлакатда инсон, унинг манфаатлари ва эҳтиёжлари устувор бўлса, ўша давлат ривожланади, келажакка дадил боқади.
Президентимизнинг “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармони давлатимиз раҳбарининг халқона ҳамда инсонпарварлик сиёсатидан далолат беради.
Нега десангиз, ушбу ҳужжатга биноан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 65 нафар шахс афв этилди. Бу шунча оилаларга қувонч, шодлик ва умид олиб кирди.
Уларнинг 2 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилган бўлса, 39 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди. 6 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 18 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.
Эндиликда афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш ғоят муҳим.
Шу нуқтаи назардан, биз депутатлар тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда уларни иш билан таъминлаш, меҳнат қилиши учун зарур шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратамиз.
Умуман олганда, озодлик инсонга берилган энг буюк неъматлардан бири. Ушбу фармон халқимизга хос эзгулик, бағрикенглик, инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва кечиримли бўлиш каби олижаноб фазилатларнинг ёрқин ифодасидир.
Мавжуда ХАСАНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.