Қарийб бир ойдан кейин Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови бўлиб ўтади. Куни кеча, яъни 18 ноябрдан сиёсий партияларнинг ва депутатликка номзодларнинг сайловолди ташвиқотига старт берилди.
Сайлов кодексининг 44-моддасига мувофиқ, сайловолди ташвиқоти номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланади. Сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолганида ташвиқотга йўл қўйилмайди.
Ана шу мезонлар асосида Тошкент вилоятидаги 94-Нурафшон сайлов округидан номзод Мурод Носиров Нурафшон шаҳридаги 12-мусиқа ва санъат мактабида сайловчилар билан учрашиб, сайловолди ташвиқотини олиб борди. Ўз ҳудудидаги аҳоли вакиллари иштирокида ўтказилган учрашувда сайлов ва унинг аҳамияти хусусида сўз борди. Номзод партия ғояларини аҳолига етказар экан, унинг амалга ошиши энг аввало жамиятда тенглик ва адолатни таъминлашига урғу берди.
Қайд этилдики, Халқ демократик партияси Ўзбекистонда ижтимоий адолат ва тенглик, ижтимоий бирдамлик, ижтимоий демократия мезонларига мос келадиган ижтимоий демократик давлат барпо этишни ўзининг олий мақсади деб ҳисоблайди. Шу мақсадга эришишда Ўзбекистон Халқ демократик партияси иқтисодий ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини оширишга устувор аҳамият қаратган.
Партия мақсадларини амалиётга жорий этишда эса халқ вакиллари, яъни депутатлар асосий роль эгаллаши тушунтирилди. Ҳудуддаги муаммони, аҳолини ташвишга солаётган масалаларни ҳал этишда номзодга билдирилган ишонч ва берилган овоз муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Йиғилганларга сайловолди тарғибот материаллари тарқатилди.
Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши
Ахборот хизмати.