Охирги вақтларда, айниқса, ёшлар ўртасида турли ўйин ва дастурлар орқали пул топиш усуллари кенг оммалашиб кетяпти. Хусусан, айрим қизиқувчан, лекин қонун-қоидани тушунмайдиган ёшлар майнинг воситасида маблағ ишлашга ружу қўймоқда. Уларнинг аксарияти компьютерга майнинг қилувчи дастур ўрнатиб олиш жиноят эканини англаб етмаяпти.
Амалдаги қонунчиликка кўра, мамлакатимизда майнерлар мажбурий рўйхатдан ўтиши, мазкур фаолият билан фақат юридик шахслар шуғулланиши мумкинлиги, тўлов воситаси сифатида криптовалютадан фойдаланиш тақиқланиши белгилаб қўйилган. Уйда, ишхонада ёки бошқа жойдаги компьютерга ўтириб, майнинг билан шуғулланиш жиноий ҳаракат ҳисобланади. Бу ҳақда ёшлар орасида кенг қамровли тушунтириш ишларини ўтказиш, мутасадди ташкилотлар бунга жиддий эътибор бериши зарур. Акс ҳолда, ёшлар билиб-билмай жиноятчига айланиб қолиши мумкин.
Крипто-активлар айланмаси соҳасида тартибга солиш махсус режим иштирокчилари рўйхатга олинганидан кейин уч йилдан кўп бўлмаган муддатга лицензия ва рухсатномаларсиз тажриба лойиҳаларини амалга оширишлари мумкин. Бунда майнинг Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигида мажбурий рўйхатдан ўтказилиши керак ва лицензияланган фаолият тури ҳисобланмайди.
Яна бир масала майнинг жараёни катта электр энергияси сарфини келтириб чиқаради. Майнинг учун ягона электр энергетика тизимига уланганлик учун фойдаланилган электр қувватига ҳақ тўлашда тегишли тартиб мавжуд. Чунки, майнинг компаниялар томонидан катта миқдорда электр қуввати истеъмол қилинади ва бу ҳолат аҳоли ҳамда ишлаб чиқариш корхоналарини узлуксиз электр билан таъминлашга салбий таъсир этиши турган гап.
Шуни ёдда тутиш керак, криптовалютадан тўлов ва тўловларни қабул қилиш воситаси сифатида фойдаланиш, шунингдек, рекламанинг бир қисми сифатида криптовалюта билан боғлиқ фаолиятнинг рентабеллигини ваъда қилиш, бундай операцияларни бойишнинг енгил усули сифатида реклама қилиш тақиқланади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, юртимизда ҳам криптовалюта соҳасидаги фаолият қонунчилик асосида амалга оширилади. Тартиб-қиодалар аниқ белгиланганини ўз вақтида кўрилган чорадир. Чунки, дунё миқёсида кейинги пайтда майнинг билан боғлиқ фирибгарликлар сони ўсиши кузатилмоқда. Бундай шароитда фуқароларнинг манфаатини ҳимоя қилиш лозим, уларнинг алданиб қолишига йўл қўйиб бўлмайди.
Шоҳиста Турғунова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.