Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашида “Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлардаги партия гуруҳи фаолиятини самарали ташкил этиш” мавзусида видеоконференц алоқа шаклида амалий ўқув семинар ташкил этилди.
Семинарни ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова олиб борди.
Таъкидландики, партия электоратининг ижтимоий манфаатлари ва ҳаётий эҳтиёжларини ўзида тўлиқ қамраб олган 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган устувор йўналишлардан келиб чиқиб, партиянинг дастурий вазифаларини долзарблигига эътибор қаратиш, бу мақсадда 2020 – 2024 йилларга мўлжалланган партиянинг парламент, депутатлик ва ижтимоий-сиёсий фаолиятининг устувор йўналишларини ишлаб чиқиш муҳим вазифа ҳисобланади. Бу борада Ўзбекистон ХДП ва унинг барча даражадаги депутатлик бирлашмалари, партия ташкилотларининг фаол иштирокини таъминлаш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш режалаштирилган.
– Бунда партия ўзининг барча даражадаги партия ташкилотлари, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги партия гуруҳлари ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси иштирокида камбағал ва ишсизларни, айниқса, аёллар ва ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллиги ва касбий тайёргарлигини ошириш, уларни аниқ ижтимоий муҳофаза қилишни янада кучайтириш, турмуш даражасини оширишга эътибор қаратиши лозим, – деди семинар кун тартибидаги мавзу бўйича сўзга чиққан ЎзХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи Боймурод Юсупов. – Шунингдек, ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ва янги технологияларни жорий этиш асосида уларнинг ижтимоий таъминотга бўлган эҳтиёжларини яна ҳам тўлиқроқ қондириш борасидаги ишларини ташкил этиш устидан парламент ва депутатлик назоратини изчил олиб бориш керак.
Тегишли қонунлар ва Президентнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида белгиланган вазифалар тўлиқ ҳажмда сўзсиз бажарилишига эришишни назарда тутган ҳолда, партиянинг дастурий мақсадларини амалга ошириш учун қулай шароитлар яратадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлашда парламент, депутатлик ва жамоатчилик назоратини ташкил этишнинг-мақсадли усулларидан кенг фойдаланиш лозим.
Бундан ташқари, маҳалладаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни хонадонбай ўрганиш, жумладан, аҳолининг бандлик даражасини ошириш, оилаларнинг даромад манбаларини, томорқа ерларидан фойдаланиш ҳолатини ҳамда даромадли меҳнатга бўлган интилиши ва эҳтиёжларини таҳлил қилиш, маҳаллада тадбиркорликни ривожлантиришнинг ички имкониятларини ва тадбиркорликни ривожлантиришга туртки берадиган омиллар ва йўналишларни белгилаш муҳим ҳисобланиши қайд этилди.
Шунинг билан бирга, маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчиларининг фаолиятига баҳо бериш, бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши устидан қатъий депутатлик ва жамоатчилик назоратини олиб бориш масалалари хусусида сўз юритилди.
Музокарада сўзга чиққанлар семинар кун тартибидаги масала бўйича фикр, мулоҳаза ва таклифларини билдириб, мазкур йўналишда халқ депутатлари маҳаллий кенгашлардаги партия гуруҳи ҳамда депутатлар олдида турган устувор вазифалар тўхталиб ўтдилар.
Тадбирда Марказий Кенгаш маъсул ходимлари, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлар партия гуруҳи аъзолари, минтақавий партия кенгашлари маъсуллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Жаҳонгир Олимов,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъул ходими.