Одамлар бир-бирига куч берадиган кун

 

Юртдошларимиз бир-бирини йўқлаб, меҳр-оқибат улашадиган улуғ айём – Рамазон Ҳайитидан кейин яна бир эзгу кун – Хотира ва қадрлаш кунига яқинлашяпмиз.

Бу кун уруш ва фронт орти фахрийлари, нуронийлар, хаста, эҳтиёжманд кишилардан хабар олиб, кўнгил сўраладиган, инсон қадрланадиган кун сифатида халқимизнинг қалбидан чуқур жой олди.

Ватанимизнинг қайси бир ҳудудида бўлманг, шу куни одамлар ўтганларни эслаб, қабристонга бориб, руҳини шод этишга, нуронийлар ёнида ўтириб, бир пиёла иссиқ чой билан кўнглини, суҳбатини олишга, дардмандлардан ҳол сўрашга интилади. Хотира ва қадрлаш кунини шу тарзда ўтказиш халқимизнинг қадриятига айланган.

Инсонни қадрлашга асосий эътибор қаратилаётган йилда бу куннинг аҳамияти, файзи, айниқса, бошқача бўлмоқда. Бугун партиямиз Марказий Кенгашида барча ҳудудлардаги фахрийлар билан бирга видеомулоқот тарзида суҳбатлашдик. Нуронийларнинг мамлакатимиз мустақилликка эришиши, миллий парламентни шакллантириш жараёнлари ҳақидаги хотиралари, ибратли ҳикояларини эшитдик, насиҳатлари, таклифларини ҳам олдик. Партиямиз Фахрийлар кенгаши бошчилигида мунтазам учрашувлар ўтказишга келишдик. Хотира ва қадрлаш куни одамлар бир-бирига куч берадиган, ҳамжиҳатлик энергияси ёйиладиган кун эканини ҳис этдик.

Халқ демократик партияси 1600 нафарга яқин депутатлари, ҳудудий ташкилотлари, минглаб фаоллари билан бирга Хотир ва қадрлаш кунига йўқлов ва кўмак тадбирларини ўтказмоқда.

Аввало, уруш ва меҳнат фахрийлари йўқланмоқда, улар яшаётган хонадонлар партиямиз ёш аъзолари ёрдамида ободонлаштирилмоқда, уч авлод бирга суҳбатлашиб, совға-саломлар ҳам улашилмоқда.

“Аёллар дафтари” ва “Меҳр дафтари”га киритилган, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа кишиларнинг уйига бориб, мурожаатлари ўрганилаяпти, депутатлар мутасаддилар ва ҳомийлар билан бирга, уларга амалий кўмак бериш чораларини кўрмоқда.

Бундан ташқари, фаоллар, саховатли инсонлар ҳомийлигида дардманд, кам даромадли оилаларга керакли ёрдамлар кўрсатилмоқда.

9 майни Хотира ва қадрлаш куни сифатида қандай ўтказишни халқимиз жуда яхши билади.

 

Тўлқин Тўрахонов,

ЎзХДП Марказий Кенгаши раис ўринбосари.

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш