Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашида “Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш – устувор вазифа” мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳамда Марказий Кенгаш масъул ходимлари халқ депутатлари маҳаллий кенгашлардаги аёл депутатлар иштирок этди.
Тадбирни Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари Гулшан Асатова олиб борди.
Йиғилишда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шоҳрух Муҳаммедов, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Мукаррам Нурматова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қизилгул Қосимова ва бошқалар сўзга чиқиб, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида тўхталиб ўтди.
Хусусан, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Мукаррам Нурматова хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, касб-ҳунарга ўқитишни ташкил этиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш бўйича бир қатор маълумотларни келтириб ўтди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон билан тасдиқланган Миллий дастур ва уни 2022-2023 йилларда амалга оширишга оид комплекс чора-тадбирлар режасида хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга ўқитишни ташкил этиш ҳамда тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш бўйича имтиёз ва имкониятлар янада кенгайтирилгани таъкидланди.
Шунингдек, хотин-қизларнинг давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш мақсадида уларни яратиб берилаётган имтиёз ва имкониятлардан тўғри, манзилли ва мақсадли фойдаланишга йўналтиришда ҳамда бу борада ислоҳотлар ижросини таъминлашда қўмита, ҳудудий бошқарма, туман (шаҳар) бўлимлари ҳамда ҳар бир маҳалладаги хотин-қизлар фаоллари зиммасига юксак ишонч ва катта масъулият юклатишига тўхтаб ўтди.
– Ҳар бир маҳаллада ишсиз хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш мақсадида хотин-қизлар балансини шакллантириш жараёнида ҳудудларнинг географик жойлашуви, ихтисослашуви, мавжуд имкониятлари ҳамда хотин-қизларнинг эҳтиёж ва қизиқишларидан келиб чиқиб, ишсиз хотин-қизларнинг рўйхатларини шакллантириш, маълум бир касб-ҳунарга эга бўлмаган ва меҳнат фаолияти билан шуғулланмаётган хотин-қизларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб ва ҳунарга ўқитишни ташкил этиш, вақтинча ҳақ тўланадиган жамоат ишларида ишлаш истагида бўлган эҳтиёжманд хотин-қизларни Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари билан биргаликда ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиш лозим, – деди М.Нурматова.
Йиғилишда хотин-қизларни иш билан таъминлаш, кўплаб муаммоларнинг олдини олишга, жумладан, оилавий келишмовчилик, оилавий ажримлар, ҳамда хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик каби иллатларнинг камайишига хизмат қилиши таъкидланди.
Кун тартибидаги масала юзасидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси билан энг олис ва чекка маҳаллаларда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш ҳамда тадбиркорликка жалб этиш, шунингдек хотин-қизларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш борасида ҳамкорликда лойиҳа, тадбирлар ташкил этишга, маҳаллардаги хотин-қизлар фаоллари билан биргаликда ишсиз аёллар рўйхатини шакллантиришда ва бошқа бир қатор йўналишларда ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати