Депутат ёрдамчисининг ҳуқуқий мақоми: қонунда у қандай ифодаланмоқда?

 

Бугунги кунда вакиллик органларининг ролини янада кучайтириш борасидаги ислоҳотлар депутатларнинг сайлов округларида сайловчилар билан тизимли мулоқотини йўлга қўйишни, мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлаб, тезкорлик билан бартараф этиш чораларини кўришни тақозо этмоқда. Мазкур масала Ўзбекистон Республикаси Президентининг сиёсий партиялар фаоллари билан ўтказган учрашувларида кўтарилиб, давлат раҳбари томонидан бу борада аниқ вазифалар белгилаб берилган эди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати билан сайловчилар ўртасидаги узвий алоқани янада мустаҳкамлаш мақсадида депутат ёрдамчиси институтини жорий этиш ва унинг мақомини қонунчиликда белгилаш шундай вазифалар сирасига киради.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, парламент қуйи палатасининг депутатлари сайлов округида ўз вакилига эга. Лекин улар партиянинг тегишли ҳудудий бўлими ходимлари орасидан жамоатчилик асосида тайинланиб, фаолият юритиши сабабли улар асосан сиёсий партия ишлари билан банд бўлиб қолиши ва бунинг натижасида депутатлар фаолиятига кўмаклашиш имконияти чекланган эди.

Бундан ташқари, депутат вакили институтининг қонун ҳужжатларида ҳуқуқий мақоми, қўйиладиган талаблар, ишга қабул қилиш ва бўшатиш тартиби, депутат вакили фаолиятини молиялаштириш масалалари аниқ белгиланмаган эди. Бу бўшлиқни тўлдириш мақсадида, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида"ги қонун депутат ёрдамчиси тўғрисидаги алоҳида модда билан тўлдирилди.

2021 йил 15 октябрдан кучга кирган мазкур қонунда белгиланишича, депутат ўзини депутатликка номзод этиб кўрсатган сиёсий партия билан алоқасини сақлаб туриш ҳамда сайлов округидаги фаолиятини самарали ташкил этиш учун ёрдамчига эга бўлиш ҳуқуқига эга. Шу муносабат билан “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонундан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатининг вакили тўғрисидаги модда чиқариб ташланди.

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида”ги қонуннинг 94-моддаси эса депутатнинг ёрдамчиси нормаси билан тўлдирилди.

Унга кўра, депутат ўзини депутатликка номзод этиб кўрсатган сиёсий партия билан алоқасини сақлаб туриш ҳамда ўз сайлов округидаги фаолиятини самарали ташкил этиш учун ёрдамчига эга бўлишга ҳақлидир. Яъни, амалдаги қонунчиликда белгиланган Қонунчилик палатаси депутатининг вакили ўрнига сайлов округида (партияларнинг ҳудудий бўлимларида) доимий асосда фаолият юритувчи Қонунчилик палатаси депутати ёрдамчиси лавозими жорий этилди (бунда, 150 та депутат 1 нафардан ёрдамчига эга бўлди).

Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқароси депутатнинг ёрдамчиси бўлиши мумкин.

Қуйидаги шахслар депутатнинг ёрдамчиси бўлиши мумкин эмас, агар:

— тегишли депутат билан яқин қариндош (ота-она, ака-ука, опа-сингил, фарзанд, эр-хотин, шунингдек эр-хотинларнинг ота-онаси, ака-укаси ва опа-синглиси) бўлса;

— у қонунда белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса;

— содир этган оғир ёки ўта оғир жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёхуд судланганлиги олиб ташланмаган бўлса.

Депутатнинг ёрдамчисига Қонунчилик палатаси томонидан хизмат гувоҳномаси белгиланган тартибда берилади.

Депутатнинг ёрдамчиси:

— депутатнинг уни депутатликка номзод этиб кўрсатган сиёсий партия, унинг тегишли сайлов округидаги ҳудудий бўлими ҳамда сайловчилар билан самарали алоқа ўрнатишига кўмаклашади;

— сайлов округида жисмоний ва юридик шахслардан депутат номига келиб тушган мурожаатларни рўйхатга олади ва бу ҳақда депутатни хабардор қилади;

— жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини депутат томонидан қабул қилинишига, шунингдек депутатнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга кўмаклашади;

— сайлов округи ҳудудида депутатнинг ваколатларини амалга ошириш билан боғлиқ ишларни депутатнинг топшириғига кўра ташкил этади;

— округ сайловчиларини депутатнинг фаолияти тўғрисида хабардор қилади;

— депутатнинг мурожаатларини, сўровларини тайёрлашда ҳамда сайлов округида депутат томонидан жисмоний ва юридик шахслардан олинган мурожаатлар кўриб чиқилишида иштирок этади, мурожаатларда баён этилган масалаларни ўрганади;

— депутатнинг ўз ваколатларини амалга оширишга доир бошқа топшириқларини бажаради.

Депутат ёрдамчиси фаолиятига доир қўшимча вазифалар ҳам белгиланмоқда, Жумладан, округ сайловчиларини Қонунчилик палатаси депутатнинг фаолияти тўғрисида, депутатни эса сайлов округи ҳудудида юз бераётган воқеалар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинаётган қарорлар тўғрисида хабардор қилиб боради, депутатнинг ўз ваколатларини амалга ошириши учун зарур бўлган ахборот-таҳлилий материалларни тайёрлайди.

Депутат ёрдамчисининг ишини ташкил этиш учун сиёсий партия томонидан тегишли сайлов округида сиёсий партиянинг ҳудудий бўлимида хона ажратилади. Депутатнинг ёрдамчисини ишга қабул қилиш депутатнинг тақдимномасига кўра амалга оширилади. Меҳнат шартномаси депутат билан келишилган ҳолда депутат ёрдамчиси ва партия раҳбари ўртасида депутатнинг ваколат муддатига тузилади, депутат ваколатлари муддатидан илгари тугатилган тақдирда мазкур шартнома тугатилади. Депутат ёрдамчисининг фаолиятини молиялаштириш партиянинг амалдаги штат бирликларига ажратилаётган давлат бюджети маблағлари доирасида амалга оширилиши назарда тутилган.

Мазкур қонуннинг қабул қилиниши депутатларнинг сайловчилари ва партия электорати билан алоқаларини янада кучайтиришга, депутатнинг округдаги вазият, электорат кайфиятидан доимий равишда хабардор бўлиб туришига хизмат қилади.

 

Боймурод ЮСУПОВ,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш