«Мурувват» ва «Саховат» интернат уйлари: ижтимоий ва тиббий ёрдам кўрсатиш қандай аҳволда?

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши томонидан Тошкент шаҳридаги “Мурувват”, “Саховат” интернат уйлари тарбияланувчиларни ижтимоий ҳимояси, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш ҳолати юзасидан ўрганиш натижаларига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши, халқ депутатлари Тошкент шаҳар партия гуруҳи аъзолари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги мутахассислари ва бошқа мутасаддилар иштирок этди.

Йиғилишни ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова олиб борди ва мамлакатимизда «Мурувват» ва «Саховат» интернат уйлари фаолияти сифати ва самарадорлигини ошириш, ногиронлиги бўлган шахслар ва кексаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, шу жумладан мазкур муассасалар ходимларининг меҳнат шароитларини яхшилаш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётганини, шунинг билан бирга, айрим «Саховат» ва «Мурувват» интернат уйларида давлат қарамоғига олинган шахсларга тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатишни самарали бошқариш тизими етарлича шакллантирилмагани, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга қулай шароитлар яратиш бўйича тиббий-ижтимоий муассасалар моддий-техника базаси ҳолатида бир қатор муаммолар сақланиб қолаётганини таъкидлаб ўтиб, мазкур масалалар партиянинг халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари эътиборида бўлиши лозимлигига эътибор қаратди.

Кун тартибидаги масала юзасидан Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи Боймурод Юсупов, партия Тошкент шаҳар Кенгаши раиси, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи раҳбари Нигора Эшметова, Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари Баҳодир Каримов ва мутасаддилар фикр-муносабат билдирди.

Таъкидландики, сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш борасида кенг миқёсли ишлар амалга оширилган. Хусусан, охирги тўрт йилда 27 та тиббий-ижтимоий муассасада 267,2 миллиард сўмлик қурилиш-реконструкция ишлари бажарилган ва замонавий талабларга мос бўлган 1327 та ўрин фойдаланишга топширилган.

Бундан ташқари, санаторийларда соғломлаштирилган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар сони 43 минг нафарни ташкил этиб, 20 фоизга ортди, ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга бепул тақдим этиладиган асосий озиқ-овқат ва гигиена воситалари сони 15 тадан 19 тагача оширилди, ногиронлиги бўлган шахсларга бепул бериладиган протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларининг рўйхати 22 турдан 27 тагача кўпайтирилди. Одам савдосидан жабрланган 1024 нафар фуқарога тиббий-ижтимоий реабилитация ва психологик қўллаб-қувватлаш чоралари кўрсатилди.

Шунинг билан бирга, мазкур муассасалар фаолиятидаги камчилик ва муаммолар кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга давлат томонидан ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган вазифаларни самарали ҳал этишга тўсқинлик қилмоқда. Бу ҳолат партия депутатлик гуруҳлари томонидан ўтказилган ўрганишларда ҳам қайд этилган.

Давра суҳбати иштирокчилари томонидан мавжуд муаммоларни ҳал этиш юзасидан фикр ва таклифлар билдирилди ва кун тартибидаги масала юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилишига келишиб олинди.

 

Жаҳонгир Олимов,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъул ходими.

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш