Жой номларини ўзгартириш бўйича фуқаролар ташаббуси ҳам инобатга олинади

 

Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда депутатлар “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, “Тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизими ҳамда шартномавий муносабатларнинг такомллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ҳамда “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 19-моддасига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида” қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

Хусусан, фракция аъзолари томонидан “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги” қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди. Ушбу қонун 2011 йилда қабул қилинган бўлиб, унга бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Жумладан, қонуннинг 41-моддаси:

“41-модда. Географик объектларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш жараёнида маҳаллий аҳолининг фикрини ҳисобга олиш

Географик объектларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш тўғрисидаги таклифларни тайёрлаш жараёнида мазкур географик объект жойлашган ҳудудда яшовчи маҳаллий аҳолининг фикри ҳисобга олинади.

Маҳаллий аҳолининг фикрини ҳисобга олиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади ва маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилади”, меъёри билан тўлдирилмоқда.

Қонуннинг 10-моддаси биринчи қисми эса:

“Аҳоли пунктларининг таркибий қисмларига (маҳаллалар, шоҳкўчалар, кўчалар, майдонлар, боғлар, хиёбонларга) ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш бўйича фуқаролар ташаббуслари, шунингдек фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва ташкилотларнинг илтимосномалари асосида туманлар, шаҳарлар ҳокимлари киритган таклифга кўра халқ депутатлари туманлар, шаҳарлар Кенгашлари томонидан амалга оширилади. Шаҳарлар таркибига кирувчи туманларда эса таклифлар туманлар ҳокимлари томонидан халқ депутатлари шаҳарлар Кенгашларига киритилади”;

бешинчи қисми:

“Туман, шаҳар ҳокими аҳоли пунктларининг таркибий қисмларига (маҳаллалар, шоҳкўчалар, кўчалар, майдонлар, боғлар, хиёбонларга) ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш тўғрисидаги туман, шаҳар комиссияси томонидан кўриб чиқилган таклифларни тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ҳамда таркибида туманлари мавжуд бўлган шаҳар комиссиясига киритади. Комиссия тақдим этилган ҳужжатларни ҳар томонлама ўрганилишини ташкил этади ва географик объектларнинг номлари тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқлиги ёки мувофиқ эмаслиги нуқтаи назаридан уларни давлат экспертизасидан ўтказиш учун Кадастр агентлигига тақдим қилади. Комиссия давлат экспертизаси натижаларини ҳисобга олган ҳолда тегишли хулосани географик объектга ном бериш ва унинг номини ўзгартириш тўғрисида таклиф киритган туман, шаҳар ҳокимига юборади”, тарзида таҳрир қилинмоқда.

Шунинг билан бирга, қонуннинг яна бир қатор моддаларига ўзгартиш ва тузатишлар киритиш кўзда тутилган.

Фракция аъзолари барча қонун лойиҳаларига электорат манфаатидан келиб чиққан ҳолда муносабат билдиришди.

Йиғилишда Ўзбекистон ХДП фракцияси фаолиятига оид масала ҳам кўриб чиқилди.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш