Инсон – азиз, хотира – муқаддас

 

Аждодлар руҳига ҳурмат халқимизнинг энг олий фазилатларидан биридир. Ватан, халқ фаровонлиги, тинчлиги йўлида жонини фидо этган фарзандларини юртдошларимиз ҳеч қачон унутган эмас. Инсон азиз ва мукаррам экан, унинг ёши ҳам, қариси ҳам, аёли ҳам, эркаги ҳам баробар қадр-қимматлидир.

Хотира ва қадрлаш тушунчаси чуқур маънога эгадир. Ўзбек халқи Иккинчи жаҳон урушида қатнашган, ўша аёвсиз жангу-жадалда қаҳрамонларча ҳалок бўлган ота-боболаримизни, фронт ортида қаҳрамонларча барча халқлар фарзандларини ўзи бағрига олиб тарбия берган аждодларимизнинг хотирасини асло унутмайди.

9 май – “Хотира ва қадрлаш куни” мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланади. Ота-боболаримизнинг хайрли ишларини, жасоратини ёдга олмоқ, эъзозламоқ халқимизга хос эзгу фазилатлардандир.

Бинобарин, хотира бу – унутмаслик билан бир қаторда улардек яшашга интилиш деганидир. Зеро, илдизларига мустаҳкам суяниб, уларнинг маънавий меъросидан озиқланиб тарбияланган авлод келажаги буюк бўлади. Келажакда катта марраларга эришиб, қудратли ва салоҳиятли бўлади.

Шу маънода Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли дақиқаларда ҳам ўзлигини йўқотмаган, юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш том маънода миллий қадриятга айланди.

Бу эса ёшларни юртпарварлик, меҳнатсеварлик, аждодларининг энг яхши анъаналаридан фахрланиш, уларга муносиб ворислар бўлиш руҳида тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга. Айниқса, тинчликка, эркин ва фаровон кунларга эришиш йўлидаги қурбонлар хотираси, бугунги кунларимизга шукроналик туйгусини сингдиришга, озодликни қадрини улуглашга ҳам катта таъсир қилади.

Чунки ҳар қайси элнинг бағрикенглиги ва олийжаноблиги олиб бораётган эзгу амаллари қаторида, халқига, инсонларига кўрсатаётган эътибори билан баҳоланади. Ўзбекистонда инсонлар ана шундай бахтга эга. Ҳар бир кишининг жамиятда муносиб ўрни бор.

Албатта, кечаги кун сабоқларини олиш, халқимиз келажаги йўлида фидоийлик кўрсатган инсонларни борида қадрлаш, ўтганларни ёд қилиш, ҳаётимизни эзгулик нури билан ёритиб, бугунги кунида қадрига етишга чорлайди.

Куни кеча Президентимиз 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Ғалаба боғига ташриф буюрди. Бу мажмуа Иккинчи жаҳон урушида беш ўғлидан айрилган Зулфия ая Зокирова, унинг садоқатли келинлари ва етим қолган набиралари хотирасига бағишлаб барпо этилган. У халқимизнинг урушдаги йўқотишлари, тинчлик учун кураши тимсоли сифатида боғ марказидан ўрин олган.

Шунингдек, ўзбек халқининг Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги шонли тарихини, она халқимизнинг қаҳрамонлигини яхлит акс эттирган. Шу нуқтаи назардан, ҳар бир юртдошимиз Ғалаба боғи ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрар экан, бу ердаги экспонатларни кўриб қалби ҳаяжонга тўлади.

Демак, хотирани асраш, хотирани эҳтиёт қилиш – бу бизнинг ўзимиз ва авлодлар олдидаги ахлоқий бурчимиздир. Ҳаёт бўлганларни қадрлаш – бебаҳо бойлигимиздир. Зотан, бу ҳар биримизни ватанпарварликка ўргатади.

 

Шоҳиста ТУРҒУНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш