Аждодлар жасорати ҳамиша қалбимизда

 

Ҳар йили юртимизда 9 май — Хотира ва қадрлаш куни ўзгача руҳда нишонланади. Хотира ва қадрлаш — халқимизнинг асрий қадриятларидандир. Эл-юртининг тинчлиги, осойишталиги, эрки ва озодлиги учун курашган инсонлар ҳамиша халқимиз ардоғида. Ана шундай мардлик ва жасорат намунасини кўрсатганлар, жанг майдонида жонини фидо қилган боболар, сабр-бардош билан катта қийинчиликларни енгиб ўтган нуроний момоларни шарафлаш, хотирасини абадийлаштириш, уларга ғамхўрлик ва эътибор кўрсатиш халқимизга хос фазилатдир.

“Хотира”, “қадр” деган тушунчалар азал-азалдан эл-юртимизнинг тафаккури, маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисми бўлиб келган. Ўзини, ўз эл-юртининг ўтмишини, тарихини эсламайдиган, билмайдиган, хотирламайдиган инсон йўқ, десак муболаға бўлмайди. Хотира деганда, барчамиз қон-қонимизга сингиб кетган муқаддас туйғуни тушунамиз. Тарихий хотира — бу ҳаёт мазмунини, авлодлар ўртасидаги ворислик туйғусини англаш демакдир. Узоқ-яқин ўтмишда содир бўлган воқеа-ҳодисалардан бугунги ва эртанги кун учун зарур сабоқ ва хулоса чиқариб яшаш демакдир. Ўз болалари ва авлодларига, уларнинг онгу шуурига, аждодлар руҳига ҳурмат ва эҳтиром туйғуси билан яшашни сингдириш демакдир.

Иккинчи жаҳон уруши, унинг жароҳатлари эл-юртимиз хотирасида умрбод сақланади. Кўпни кўрган, жафокаш халқимиз бу урушда не-не асл фарзандларидан, оиланинг таянчи ва суянчи бўлмиш қанча-қанча навқирон ўғлонларидан жудо бўлган. Агар уруш арафасида Ўзбекистонда 6,5 миллионга яқин аҳоли яшаган бўлса, шундан 1 миллион 951 мингга яқин киши урушга сафарбар этилган. Гўдак ва болаларни, қариялар ва аёлларни ҳисобга олмаганда, ҳар уч ўзбекистонликдан биттаси қўлига қурол олиб, фашизмга қарши жанг қилган. Бу даҳшатли қирғинда қарийб 451 мингга яқин юртдошимиз, яъни урушда қатнашганларнинг 25 фоизга яқини ҳалок бўлганини инобатга оладиган бўлсак, эришилган ғалабанинг қадр-қиммати биз учун нечоғли баланд экани, Ўзбекистон халқининг фашизмга қарши курашда қандай катта ҳисса қўшгани яққол намоён бўлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда,“9-май – Ғалаба куни эл-юртимизнинг асл фарзандлари беш йил давомида мардона жанг қилиб, ёвуз душманни тор-мор этган, мислсиз талофатлар эвазига эришган шон-шараф айёмидир. Бу – ҳеч қачон унутилмайдиган, ҳеч қандай куч биздан тортиб ололмайдиган буюк тарих, қудратли маънавий бойлигимиздир”.

 

Шерзод РАҲМОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш