Депутат ўзгармаса, унга муносабат ўзгармайдими?

 

Тўғриси, «кеча ундай эди, бугун бундай бўлди», деб таққослайвериш кимларгадир малол келиши мумкин. Бироқ ўзгаришларни кўриб-кўрмасликка, билиб-билмасликка олишнинг ҳам имкони йўқ-да. Одамлар ўзгаряпти, уларнинг қарашлари ҳам, қизиқишлари ҳам каттармоқда. Улар энди ҳокимликлардан, вакиллик органларидан ҳам ўзгариш, ишлашни кутяпти. Буни тушуниб, ҳис қилиб турган масъуллар, мансабдорлар хулоса қиляпти. Депутатлар ҳам танқидлардан чарчади, ўзгаришга, натижага ҳаракат қиляпти.

Яхши депутат бўлиш учун, албатта, ҳокимият билан дучлашиш, мунозараю мулоҳазага киришиш керак. Депутатлик сўрови шу мулоқотнинг энг муҳим шаклларидан бири. Бюджетдан ойлик олиб, имтиёзлардан фойдаланувчи мансабдорлар халқ вакиллари олдида ҳисоб беришга, уларнинг сўровларига жавоб қайтаришга қонунан мажбур экани бот-бот эслатилмоқда. Натижалар ёмон эмас, сўровларнинг сони ҳам.

Олтинкўл тумани Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси У.Аҳмедов «Далварзин» маҳалласи аҳолисининг ёз ойида ичимлик суви бўлмаётгани тўғрисидаги шикояти ҳақида 12 декабрда туман ҳокимига мурожаат йўллаган. Шунга кўра, 25 декабрь куни ҳоким И.Матрўзиев маҳалладаги аҳоли вакиллари билан учрашиб, суҳбатлашди. Натижада янги қудуқ қазиб, сув чиқариладиган бўлди. Ҳозирги кунда қазиш ишлари охирига етказилмоқда. Туман ҳокими етарли узунликдаги қувурлар олиб берилишини билдирган. Шунга ўхшаш ҳолат Қўрғонтепа туманида ҳам кузатилган. Партиямиз депутати О.Мадраҳимова З.М.Бобур МФЙ аҳолисини ичимлик сув таъминоти билан боғлиқ муаммоси ҳақида жорий йил 26 мартда Қорасув «Сувоқава» ДУК раҳбарига депутатлик сўрови юборди. 20 апрель куни маҳалладаги муаммолар бартараф этилиб, сув мотори таъмирланди. Фуқароларга ичимлик суви етказиб бериш йўлга қўйилди.

Тошкент туман Кенгаши депутати Гавҳар Мирзараҳимова мурожаатлар асосида 2022 йил 10 март куни патанатомия гисталогия марказини очиш учун маблағ ажратиш масаласида ССБ бошлиғига депутатлик сўрови юборган. Масала 4 апрель кунги сессияга киритилган. Натижада 210 миллион cўм маблағ ажратиладиган бўлган.

Туман Кенгаши депутати Муҳайё Юсупова Олот туманидаги «Кўл Човдур» МФЙ аҳолиси билан учрашганда ҳудуддаги 172 гектар фермер хўжалиги ерлари ва 52 гектар аҳоли томорқасини суғоришда вегетация даврида сув танқислиги юзага келаётгани билдирилди. Бу жиддий ўйлаб кўриш ва мутахассислар кўмагида ечим топиш керак бўлган муаммо эди. Чунки сув таъминоти аҳолининг даромад манбаи ва томорқадан фойдаланиш унумдорлиги билан чамбарчас боғлиқ. Унинг ечими 7-тармоқ насос станциясидан сув олувчи канал(ариқ)га қўшимча 1,5 километр ариқ қазиш ҳамда СНП-500 насос агрегатини ўрнатиш экани маълум қилинди. Шундай мазмундаги депутатлик сўрови туман ирригация тизимлари корхонаси раҳбари Ш.Шариповга юборилди. Ушбу таклиф тўғри экани тасдиқланиб, тегишли ташкилотларга уни бажариш бўйича топшириқ берилди. Маҳалла аҳли бу қарордан хурсанд.

Юқоридаги ҳолатларда муаммолар ҳал этилаётганидан ташқари яна бир муҳим жиҳат бор. Яъни, аҳоли, депутат ва ҳокимликлар ўртасида демократик мулоқот муҳити бор. Қайси ҳудудда шундай муҳит бўлса, муаммоли масалалар кўпаймаганига гувоҳ бўлинади. Бу муҳит нафақат ҳокимликлар, мутасаддилар, балки депутатларга боғлиқ, албатта. Айрим ҳудудларда нимагадир демократик мулоқот муҳити юзага келмаган.

Учқудуқда вазият қандай? Туман Шимолий кон бошқармаси биноларига яқин бўлган «Олтин кўл» дам олиш маскани ёнидаги ошхонанинг тартибсиз ишлаётгани тўғрисида аҳолидан депутат З.Санаевга мурожаат бўлган. Мазкур масала туман ҳокими С.Ҳамроевга депутатлик сўрови сифатида юборилган. Белгиланган вақт ўтган бўлса-да, ҳануз сўровга жавоб юборилмаган...

 

Робия КАЗИМОВА,

Бухоро шаҳар Кенгаши депутати:

— Депутатлик сўровига муносабат Бухоро шаҳрида анча ўзгарган. Билмадим, масъулларнинг жавобгарлигими ёки шаҳримиз вилоят маркази бўлгани учунми ҳуқуқий маданият ҳам бошқача. Айниқса, айрим идора ва ташкилотларнинг депутат сўровига беписандлиги ҳақидаги масалани сессияда кўтарганимдан кейин, муносабат кескин ўзгарди. Масалан, шу йилнинг 24 февралда юборган сўров узоқро муддатда жавоб олган бўлсам-да, масала ижобий ҳал этилди. Масала ўқувчилар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган эди. Унда шаҳардаги умумтаълим мактаблари олдида ҳайдовчиларни ҳушёрлигини ошириш мақсадида ўқувчи тасвири туширилган макетлар ўрнатиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш бўйича тегишли таклифларни ҳокимликка киритиш сўралган. Кечроқ бўлса-да, ечим топилди.

 

Маҳфират ХУДОЙҚУЛОВА,

Қамаши туман Кенгаши депутати:

— «Ғиштли» маҳалласида 6500га яқин аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда ичимлик суви бошқа жойдан ташиб келтирилади. Шу сабабли ўтган йили туман «Сувоқава» филиалига Яккабоғ – Қарши ичимлик суви тармоғидан 800-1000 метрлик линия тортишга амалий ёрдам бериш юзасидан сўров юбордим. Улар бу масалани еча олмасликларини айтиб, жавоб қайтаришганди. Яқинда вилоят «Сувоқава» ДУКга қайта сўров юбордим. Чунки депутатликка сайланишдан олдин одамлар айнан ушбу муаммони ҳал қилиш кераклигини айтганди. Ишонч билдиришган эди. Биздан 4 километр масофада Қарши — Яккабоғ сув йўли ўтган. Бизга шу тармоққа уланиш учун рухсат берилса, ҳомийлар топган ҳолда бўлса ҳам, тортиб келишга имкон қилган бўлардик.

Туманимизда тоза ичимлик суви йўқлиги сабабли бир қанча касалликлар, хусусан, буйрак, жигар, ўт-пуфак билан боғлиқ касалликлар кўпайиб кетган. Боиси, қудуқ сувларининг шўрланиш даражаси баланд. Аҳоли 6 тонна сувни 120-150 минг сўмдан сотиб олишига тўғри келмоқда. Бироқ унинг нархини ҳамма ҳам кўтаравермайди.

Ичимлик суви муаммо жойларга «Сувоқава» ДУКнинг ўзи ташаббус билан чиқиши, жойига бориб, масала ечими бўйича фикр ва таклифларни ўрганиши керак, назаримда. Ахир уларнинг вазифаси фақат истеъмол қилинган сувнинг ҳақини ундиришдан иборат эмас-ку. Биз кимнидир танқид қилмаймиз, ҳамкорликка чақирамиз. Бошқалар учун жавоб бера олмайман, лекин мен шу кунгача депутатлик сўровларимнинг бирортасига қониқарли жавоб ололмадим. Ҳозир ҳаммасини яна қайта бошляпмиз. Одамларнинг фикри, тушунчаси, муносабати ўзгаргандир, деган умид бор.

 

Марат ИСОҚОВ,

Шароф Рашидов туман Кенгаши депутати:

— Қонунчилигимизга кўра, депутат сўровига жавоб 10 кундан кечиктирмай ёзма равишда берилиши ва у кимнинг номига юборилган бўлса, ўша мансабдор шахс ёки унинг вазифаларини вақтинча бажараётган шахс томонидан имзоланиши шарт. Кўпинча сўровларга масъуллар эмас, уларнинг ўринбосарлари, бўлим бошлиқлари имзо қўйиб жавоб беради. Сўровда билдирилган масала юзасидан манзилга бориб ўрганиш, муаммога ечим топиш тараддуди ҳаммада ҳам мавжуд эмас. Кўп ҳолларда эътиборсиз, жавобсиз қолаётган сўровлар натижасида одамларнинг кичик масалалари катта муаммога айланиб, тумандан вилоятга, вилоятдан эса республика даражасигача кўтарилиб кетмоқда. Кўплаб масалаларга «келгуси йил дастурга киритамиз», бу йилги дастурда турибди, «ҳал қиламиз» каби мавҳум жавоблар берилади. Афсуски, бу ҳеч кимга сир эмас. Лекин аниқ жавоб олиш учун қандай чора кўриш кераклиги ҳам номаълумлигича қолмоқда.

Мисол учун, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш масаласига икки йилдан буён қониқарли жавоб ололмаяпман. Вилоят «Сувоқава» ДУКда Зокир Мамарасулов исмли одам ишлайди. Унга бир неча марталаб сўров юбордик. Мурожаат билан чиқдик. Ижобий жавоб бўлмади. Бироқ электр таъминоти, соғлиқни сақлаш, халқ таълими ва яна бошқа кўплаб идораларга юборилган сўровларимга қийин бўлса-да, жавоб оляпмиз, муаммо ҳал этиляпти.

Тўғри, ҳамма депутатлик сўровларида масала аниқ қўйилмаслиги, ният яхши бўлиб, имконият ҳисобга олинмаслиги мумкин. Муаммо ҳал бўлиш-бўлмаслигидан, савол тўғри ёки нотўғри қўйилган, деб ҳисобланишидан қатъи назар депутатлик сўровларига жавоб берилиши зарур. Буни талаб қилиш, депутатларга ҳурмат билан муносабатда бўлинишига эришиш аввало, депутатларнинг салоҳияти, ҳамжиҳатлиги ва таъсир кучига боғлиқ экани аён бўлмоқда. Шундай экан, партиямиз халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳларининг сиёсий позицияси ва демократик характерини мустаҳкамлаш зарур экан, деган хулосага келинади.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 10.05.2022, №18-19

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш