Халқ билан мулоқот қилмасдан, одамлар орасига кирмасдан, маҳаллама-маҳалла, уйма-уй юрмасдан туриб, ҳудудларда аҳолини ўйлантираётган масалаларга ечим топиб бўлмайди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, хусусан, партиямиз фракцияси аъзолари 5-7 май кунлари ҳудудларда сайловчилар билан учрашиб, мулоқотлар ўтказди, мурожаатлар ва муаммоларни ҳал этишга ҳаракат қилди.
Дилбархон МАМАЖОНОВА,
(112-Водил сайлов округи)
Фарғона тумани "Бўстонобод" маҳалласида бўлиб ўтган учрашувда депутат Қонунчилик палатасида муҳокама этилаётган ва янги қабул қилинган қонунлар ҳақида тушунчалар берди. Аҳоли мурожаатлари тингланди. Мазкур маҳаллани бошқа бир маҳалла билан боғловчи кўчада ёғин-сочинли кунларда лойгарчилик бўлиши, оқибатда мактабга қатновчи ўқувчилар учун муаммо туғилаётгани айтилди. Мутасаддилар билан ушбу масалани ҳал этиш бўйича келишилди.
Шунингдек, кам даромадли оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳолидан хабар олинди. Оилавий тадбиркорликни бошламоқчи бўлган Сайфуддинов Икромжонга Халқ банкидан кредит ажратилиши масаласида банк мутасаддиларига мурожаат қилинди.
Депутатнинг таъкидлашича, мурожаатлари ҳал этилаётганидан, бугунги кунда олиб борилаётган ислоҳотлардан одамлар миннатдор. "Ташаббускор бюджет" портали орқали кўплаб муаммоларнинг ҳал этилаётгани ва портал ишини янада яхшилаш бўйича таклифлар билдирилди. "Новкент" маҳалласи аҳолиси кўтарган сув муаммоси масъуллар иштирокида бартараф этилди.
Мавжуда ҲАСАНОВА,
(86-Узун сайлов округи)
Депутат Денов туманидаги «Лочин», «Қизилгул» ва «Зарафшон» маҳаллаларида яшовчи аҳоли вакиллари билан мулоқот ўтказди. Учрашувларда фракциямиз аъзоси дастлаб мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтди. Сўнг фуқароларнинг муаммолари тингланди. Сайловчилар ички йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви билан таъминлаш, ички туризмни ривожлантириш, нафақага чиққан ходимларнинг тиббий даволанишига кўмак бериш, уй-жойларни кадастр қилиш, аукцион орқали олган ерларни ажратиб бериш, талабаларга шартнома пулини тўлаш масалалари билан мурожаат қилишди.
«Меҳнат» маҳалласидан гепатит касаллиги билан оғриган Дилбар Сайриддинова доридармон масаласида, «Хатиб қаҳрамон» маҳалласидан Қизларгул Раҳмонова икки марта операция бўлган қизининг даволанишида, «Тожикобод» маҳалласидан Камолиддин Жалолов турмуш ўртоғини даволатишда ордер олишда ёрдам сўради. «Оқмачит» маҳалласида яшовчи Шаймардонова Зайнура уй-жой масаласида, «Лочин» маҳалласидан Тўтихол Расулова уйини кадастр қилиш масаласида мурожаат қилди.
– Мурожаатлар бўляпти, уларни қанча ҳал этсак, одамларнинг кайфияти яхшиланиб бораётганига гувоҳ бўлдик, – дейди депутат. – Аҳоли вакиллари янгиланиш ва ўзгаришлардан хурсанд. Пенсияси 12 фоиз ошгани, юрт тинчлиги ва ободлигидан кекса авлод вакиллари мамнуниятини изҳор этишди. Халқ қабулхонасида ҳам бўлиб фуқароларни қабул қилдик. «Хатиб қаҳрамон» ва «Тожикобод» маҳалласида бўлиб, сайловчилар билан амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти ҳақида суҳбатлашдик, сайёр қабул ўтказилди. 18-мактаб ва хусусий нодавлат мактабгача таълим ташкилотида бўлиб, шарт-шароитлар билан танишдик. Узун туманида темир йўл вокзали битиб, фойдаланишга топширилганидан ҳудуд аҳолиси миннатдор.
Мурожаатларга кўра, туман «Тоза ҳудуд» чиқиндиларни олиб кетади, аммо ахлат чиқарган ҳам, чиқармаган ҳам бир хил ҳақ тўлайди. Сабаби ўрганилганда, жамоавий шартнома бор, унда мажбурият шундай кўрсатилгани айтилди. Маҳалла раислари, «Тоза ҳудуд» раиси билан бу масалада гаплашиб, ойдинлик киритилди, ҳал этиладиган бўлди. Муҳими, одамлар, сайловчиларнинг розилиги. Биз шунинг учун ҳаракатдамиз, дейди депутат.
Муқаддас ЎРАЗАЛИЕВА,
(34-Зомин сайлов округи)
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зомин туманидаги «Оби-ҳаёт» қишлоғидаги 9-мактабгача таълим ташкилотида бўлиб, тарбияланувчиларга яратилган шарт-шароит билан яқиндан танишди. Масала шундаки, ташкилот қурилиши тугалланганига анча вақт бўлганига қарамай, иш бошлагани йўқ эди. Ишчи-ходимларга ҳақ бериш, болажонлар учун ўйинчоқлар ажратиш ва ошхона жиҳозлари, идиш-товоқлар масаласи муаммо бўлиб турганди. Ўтган галги учрашувда айтилган бу масала бўйича депутат Молия возирлигига сўров киритиши натижасида апрель ойида ишлар юришиб кетди. Янги очилган ушбу тарбия муассасаси 120 ўринга мўлжалланган.
Депутат, шунингдек, "Бунёдкор" МФЙдаги ҳоким ёрдамчиси Эркин Йўлдошевнинг иш фаолияти билан ҳам танишди. Бугунги кунда унинг кўмаги билан маҳалладаги ёшлардан бири Қаландаров Аҳмад машина ювиш шохобчаси очиб, самарали фаолият юритмокда. Унга имтиёзли кредит ва тадбиркорлик учун ер олинишида ёрдам берилган. Шунингдек, ўз томорқаларида иссиқхона ташкил этиб даромад олаётган Гулнора Исоқова, Карим Кучмуродов ҳам ҳоким ёрдамчиси фаолиятидан миннатдорлигини билдиришди. Президентимиз ташаббуси билан маҳаллаларда ҳоким ёрдамчилари лавозими жорий этилиши аҳоли турмуш фаровонлиги ортиши, одамларнинг ўз иш ўрниларига эга бўлишларида катта самара беряпти, дейди депутат.
Ўрол ЎРОЗБОЕВ,
(37-Шароф Рашидов сайлов округи)
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ўрол Ўрозбоев учрашув давомида «Сарайлик», «Яхтанлик», «Эски тошкентлик», «Тараққиёт», «Зиёкор», «Совунгарлик», «Жиззахлик» ва «Хавастлик» маҳаллаларида хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Ҳудудлардаги умумтаълим мактаблари, туман тиббиёт бирлашмасига қарашли оилавий поликлиникалар фаолияти ўрганилди.
Мулоқотда 130 нафардан ортиқ фуқаро билан суҳбат ўтказилиб, турли мазмундаги 85 та мурожаат қабул қилинди. Шулардан 5 таси республика, 10 таси вилоят ҳамда 15 таси туман миқёсида ҳал этиладиган масалалардир. Бундан ташқари, ички йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви таъминоти, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг соғлиғини тиклаш, даволанишида ёрдам бериш, уй-жой кадастри, аукцион орқали олган ерларни ажратиб бериш бўйича мурожаатлар қабул қилинди. Уларга туман ҳокимининг ўринбосарлари, ташкилот, корхона раҳбарлари томонидан муносабат билдирилди.
Депутат томонидан мактаблар фаолияти ўрганилганда, 6-сонли умумтаълим мактаби биноси деворларида жуда катта ёриқлар пайдо бўлгани, мукаммал таъмирга муҳтож экани, 28-сонли умумтаълим мактаби эса 552 ўринга мўлжаллангани ҳолда, бугунги кунда 1036 нафар ўқувчи таҳсил олаётгани, 240 ўринли қўшимча бино қурилишига зарурат борлиги маълум бўлди. 49-умумтаълим мактабида спорт зал, спорт майдонлари мавжуд эмас. 11-умумтаълим мактабда қўшимча ўқув бинолари қуришга эҳтиёж сезилмоқда.
Туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 23-сонли Ибн Сино ОП биноси 1997 йилдан бери мослаштирилган бинода, жами 20 минг нафардан зиёд аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда. Поликлиника биноси тиббий-санитария қоида меъёрларига жавоб бермайди. Ичимлик суви билан таъминланмаган, жиҳозлари эски, фойдаланишга яроқсиз аҳволда, керакли дори-дармонлар билан таъминланмаган, янги бино қуриш зарурати мавжуд. Депутат ўрганишда аниқланган муаммолар бўйича тегишли чора-тадбирлар белгилаб олди.
Шерзод РАҲМОНОВ,
(29-Жилвон сайлов округи)
Депутат Шофиркон тумани ҳокими Жамшид Шароповнинг сайёр қабулида иштирок этди. Қабулда ҳоким ўринбосарлари, туман Халқ қабулхонаси раҳбари, 4 та секторнинг масъул ходимлари ҳамда ташкилот, корхона раҳбарлари иштирок этди. Фуқаролар томонидан соғлиғини тиклаш ва уйини таъмирлашда моддий ёрдам, пенсия таъминотини қайта кўриб чиқиш, бандликни таъминлаш, йўлларни таъмирлаш ҳамда бошқа масалалар юзасидан мурожаатлар бўлди. Мурожаатларнинг аксарияти жойида ҳал этилди. Муддат талаб этиладиган мурожаатлар мутасаддилар томонидан назоратга олинди.
– Бугун нафақат ҳудудларда, балки одамларнинг кайфиятида ҳам ўзгариш кузатилмоқда. Ҳар ойнинг охирги ҳафталарида сайловчилар билан учрашар эканмиз, бунга ўзимиз гувоҳ бўляпмиз, – дейди депутат. – Шахсий муаммолар, ҳудудлардаги ечим кутаётган масалалар камайиб бормоқда. Уларни ҳал этишда мутасаддилар жавобгарлиги, масъулияти ҳам ортиб боряпти. Чунки уларнинг ҳисобдорлиги кучайтирилган. Республика миқёсида ҳал этиладиган масалалар бўйича эса хат чиқариб, давлат дастурига киритиш, ҳомийларни жалб этиш ишлари амалга оширилади.
Фирдавс ШАРИПОВ,
(84-Денов сайлов округи)
Депутат бу галги учрашувларни тумандаги «Остона» маҳалласидан бошлади. Аҳоли томонидан симёғочларни алмаштириш, 30-умумтаълим мактабини таъмирлаш, тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва пенсия билан боғлиқ муаммолар баён этилди.
«Чағониён» маҳалласида бўлган учрашувда эса 33-умумтаълим мактабини реконструкция қилиш учун дастурга киритиш, ички йўлларни таъмирлаш, тоза ичимлик суви билан таъмилаш, симёғочларни алмаштириш, электр энергиясини яхшилаш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш бўйича сайловчилар мурожаат қилишди.
«Сурнайтепа» маҳалласида бўлиб ўтган учрашувда ҳам юқоридаги каби муаммолар борлиги аниқланди. Олдинги учрашувда аҳоли томонидан маҳаллада мактабгача таълим ташкилотини барпо этиш бўйича мурожаат қилинган эди. Ушбу масала ўрганиб чиқилиб, маҳаллий ҳокимликка киритилган таклиф асосида жорий йилда маҳалла ҳудудида 150 ўринли давлат боғчаси қурилмоқда.
Икки-уч кунлик учрашув, мулоқот ва ўрганишларда катта-кичик муаммолар аниқланади, чора-тадбирлар белгиланади. Лекин бу асосийси эмас, муҳими, биз одамлар турмуш шароитидан хабардор бўлиб, мурожаатларни ҳал этиш, қонуний ечим топиш учун ишлаймиз, дейди депутат.
Гулруҳ ОДАШБОЕВА,
«Ўзбекистон овози» мухбири.
«Ўзбекистон овози», 10.05.2022, №18-19