Депутатлар Давлат бюджетининг 2019 йил 9 ойлик ижросини муҳокама қилдилар

2019 йил 21 ноябрь, куннинг иккинчи ярмида Қонунчилик палатасининг мажлисида депутатлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2019 йил тўққиз ойлигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқдилар.

Мазкур ҳисобот аввалроқ, қуйи палатанинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасида, сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Экоҳаракат депутатлар гуруҳи йиғилишларида дастлабки тарзда муҳокама қилинган эди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2019 йил тўққиз ойлигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ўринбосари А.Ҳайдаров тақдим этди.

Мажлисда таъкидланганидек, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган устувор вазифаларни изчил амалга ошириш, жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий соҳаларини тубдан ривожлантириш, бунга масъул идоралар фаолиятини таркибий ўзгартириш бўйича олиб борилган ислоҳотлар ижроси натижасида 2019 йилнинг тўққиз ойи давомида иқтисодиётнинг барқарор, мувозанатли тарзда тараққий эттириш ҳамда иқтисодий ўсишнинг юқори суръатлари таъминланди.

2019 йилда солиқ сиёсатини тубдан такомиллаштириш концепциясининг амалга татбиқ этилиши, қўшилган қиймат солиғи бўйича жорий қилинган янгиликлар ҳисобига иқтисодиётда ташқи ва ички савдо айланмасининг ўсишига, валюта бозорининг янада эркинлашувига, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ривожланиши учун кенг имкониятлар яратилишига эришилди.

Натижада жорий йилнинг тўққиз ойида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши
5,7 фоизни ташкил этди, хусусан, хизматлар кўрсатиш 1,7 фоиз, саноат маҳсулотини ишлаб чиқариш ҳажми 1,6 фоиз, маҳсулотларга соф солиқлар
0,7 фоиз, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжаликлари маҳсулоти ҳажми 0,6 фоиз ҳамда қурилиш ишлари ҳажми 1,1 фоиз ўсган.

Давлат бюджети даромадлари 79,2 трлн. сўмни, харажатлари эса, 86,5 трлн. сўмни ташкил этиб, ялпи маҳсулотдаги улуши тегишинча
21,9 ва 23,9 фоизни ташкил этган.

Ҳисобот даврида ташқи савдо айланмаси 31,6 млрд. АҚШ долларини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 37,2 фоиз ошган, экспорт ҳажми 13,7 млрд. АҚШ долларини ва импорт ҳажми 18,0 млрд. АҚШ долларини ташкил қилган.

Харажатларнинг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолиниб, ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 45,9 трлн. сўм
ёки умумий харажатларнинг 53,2 фоизи миқдорида маблағ сарфланган. Бу харажатлар ЯИМ га нисбатан 12,7 фоизни ташкил этган.

Депутатлар муҳокамаларда ҳисобот даврида амалга оширилган устувор вазифалардан бири — таълим тизимидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга, таълим жараёни даражаси ҳамда сифатини оширишга қаратилган таълим стандартлари ва дастурларини мукаммаллаштириш, шунингдек, мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ҳамда олий ўқув юртлари ходимларининг иш ҳақини ошириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлашни давом эттириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор билан ёндашдилар.

Хусусан, ижтимоий харажатларнинг асосий қисмини ёки 52.6 фоизини таълим тизими муассасаларини сақлаш ва ривожлантириш харажатларини молиялаштиришга Давлат бюджетидан 24,2 трлн. сўм миқдорида маблағ ажратилгани диққатга молик, дея баҳоланди.

Шу билан бирга, парламент вакиллари бу борада йўл қўйилган сусткашликларга ҳам алоҳида эътибор қаратдилар. Ҳисобот даврида таълим тизими муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантириш харажатларига ажратилган 1 236,5 млрд. сўмлик маблағ ўзлаштирилиши таъминланмагани танқид қилинди.

Депутатлар тиббиёт муассасаларини молиялаш масалаларини ҳам атрофлича муҳокама қилдилар. Ҳисобот даврида соғлиқни сақлаш соҳасига Давлат бюджетидан 10,6 трлн. сўм ёки ижтимоий соҳага йўналтирилган умумий харажатларнинг 23 фоизи миқдорида маблағ ажратилгани таъкидланди.

Муҳокамалар давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати қарорлари асосида соғлиқни сақлаш соҳасининг айрим тадбирларини амалга оширишга ва бошқа мақсадлар учун ажратилган маблағларнинг 519,6 млрд. сўми ўзлаштирилмай қолгани танқид остига олинди.

Депутатлар кўзда тутилган ҳар бир вазифа ва топшириқнинг ўз вақтида, сифатли ижро этилиши мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш, халқимиз фаровонлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаган ҳолда, бу борада ижро масъулиятини янада кучайтириш лозимлигини қайд этдилар.

Ҳукумат ҳисоботи юзасидан ҳар бир сиёсий партия фракцияси ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи вакиллари ўз нуқтаи назарини баён қилди.

 

Ўзбекистон ХДП фракцияси Давлат бюджети харажатларида йилдан-йилга ижтимоий соҳага ажратилаётган маблағларнинг улуши ошириб борилаётганини, яъни, бу йўналишдаги харажатларга 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 1,5 баробар кўп маблағ ажратилганини алоҳида эътироф этдилар. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадларига тўла мос келиши таъкидлаб ўтилди.

Шу билан бирга, фракция аъзолари ҳисобот юзасидан айрим таклиф ва мулоҳазаларни билдирдилар. Жумладан, Давлат бюджетида режалаштирилган маблағларнинг тушуми ҳамда уларнинг самарали ишлатилиши юзасидан депутатлик корпуси томонидан назоратни янада кучайтириш кераклиги айтиб ўтилди. Ушбу йўналишда даромадларни ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда тушиши ҳамда ажратилган маблағларни ўз ўрнида, самарали ишлатилиши, энг муҳими, кам таъминланган оилаларга ажратилган маблағларнинг манзилли бўлишини назорат қилиш лозимлиги таъкидланди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш