Аҳолининг озиқ-овқатга бўлган энг бирламчи эҳтиёжи ун маҳсулотлари билан боғлиқ. Сайловчилар билан ўтказган учрашувларимда ун маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни қондириш энг кўп тушадиган мурожаатлардан бўлса, фермерлар томонидан эса аксарият ҳолларда бошқа бир муаммо – етиштирган ғаллани биржа савдоларида бемалол сота олмасликлари боис талаб ва таклиф мувозанати бузилиши, натижада аҳолининг бу маҳсулотларга бўлган эҳтиёжларини тўлақонли қондириш имкони бўлмаётгани маълум қилиниши ҳам буни кўрсатиб турибди.
Мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини таъминлаш доимий эътибордаги масала саналади. Бунда ғаллачилик муҳим ўрин тутади. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида ғаллачиликдаги ислоҳотларнинг энг муҳим босқичига бағишлаб ўтказилган йиғилишда соҳадаги муаммолар, ҳал этилиши лозим бўлган устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.
Ҳаммамиз кўриб турибмиз, дунёнинг айрим минтақаларидаги таҳликали вазият сабаб, жаҳон бозорида озиқ-овқат нархлари юқори суръатлар билан ўсиб бормоқда. Жумладан, ҳозирда халқаро биржаларда 1 тонна буғдой 400 доллардан сотилмоқда ва йил бошига нисбатан 30 фоизга ошди. Бундай вазиятда нарх-наво барқарорлигини таъминлашнинг ягона ва тўғри йўли бу – фермерлар манфаатдорлигини таъминлаш, ҳосилдорликни ошириш орқали бозорда таклифни кўпайтириш ҳисобланади.
Бу борада Президент масаланинг аниқ ечимни илгари суриб, ғаллачиликда бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш зарурлигини таъкидлади. Бу ислоҳотлар пухта ҳисоб-китоб қилиниб, босқичма-босқич амалга ошириб келинаётгани ҳеч кимга сир эмас. Масалан, соҳада хусусий секторга кенг йўл очилгани туфайли унинг улуши тобора ортиб бормоқда. Сўнгги уч йилда ҳудудларда қуввати қарийб 3 миллион тонна бўлган 160 дан ортиқ йирик хусусий дон корхоналари иш бошлади. Лекин, бугунги кунда “Ўздонмаҳсулот” компанияси таркибидаги 43 та дон корхонаси бозор шароитларида самарали самарали фаолият кўрсата олмаяпти. Шу пайтгача компания таркибидаги дон корхоналари фермерлардан тайёр буғдойни қабул қилиб, уни қайта ишлаш билан шуғулланиб келган. Энг ачинарлиси, давлат дон корхоналарида талон-торож қилиш ҳолатларига ҳалигача барҳам берилмаган.
Давлатимиз раҳбари соҳада бу каби камчиликларни бартараф этиш ва тизимни самарали йўлга қўйиш мақсадида жорий йил 1 июндан бошлаб ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтишни, шу билан бирга фермер ва кластерлар ўзлари етиштирган ғалласини биржа савдоларига олиб чиқишлари учун ҳам барча имкониятлар яратилишини таъкидлади. Шунингдек, давлат ресурслари учун сотиб олинадиган 1 тонна буғдой нархи ўтган йилдаги 1 миллион 550 минг сўмдан жорий йил ҳосили учун 3 миллион сўмга, яъни 2 бараварга оширилиши маълум қилинди.
Дон етиштиришда давлат буюртмасини босқичма-босқич бекор қилиш ва ҳақиқий ғалла бозорини яратиш борасидаги ҳатти-ҳаракатлар уч йил олдин бошланган бўлса, бугун халқимиз, фермер-деҳқонларимиз анчадан буён кутган ушбу ислоҳотларнинг янги босқичини бошланди.
Мухтасар айтганда, Президент Шавкат Мирзиёев ушбу муҳим йиғилиш орқали халқимизнинг турмуш тарзини яхшилаш, энг бирламчи эҳтиёжини самарали қондириш билан боғлиқ асосий йўналишларни белгилаб берди. Мазкур вазифалар ижросининг бекаму кўст таъминланиши дастурхонларимиз тўкинлигига, фермер, деҳқонларимизнинг меҳнатлари натижасидан манфаатдорлигини оширишга хизмат қилади.
Анвархон ТЕМИРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.