Ёшлар билан учрашув

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси ва Марказий Кенгаши ташаббуси билан Ёшлар ишлар агентлиги Чилонзор туман бўлими ҳамда ушбу тумандаги “Кўркам” маҳалла фуқаролар йиғини ёшлар етакчиси ҳамкорлигида ташкил этилган “Депутат ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, Ўзбекистон ХДП фракцияси раиси Улуғбек Иноятов, ЎзХДП фракцияси аъзолари, Марказий Кенгаш масъул ходимлари, “Кўркам” МФЙ фаол ёшлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимизда ёшлар масаласига давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири сифатида эътибор қаратилаётгани, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, юртимиз истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, ташаббускор, шижоатли ёшларни тарбиялаш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Хусусан, қонунчилик фаолиятига ёшларни жалб этиш мақсадида Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси ҳузурида ёшлар парламенти ташкил этилди. Эътиборлиси, бугунги кунда Ёшлар парламенти аъзолари қонунчиликни такомиллаштиришга ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда.

Бундан ташқари, ёшларнинг муаммоларини тизимли ҳал этиш мақсадида юртимизда “Ёшлар дафтари” ташкил этилди, Маҳалла ёшлар етакчилари фаолияти йўлга қўйилди.

Бугунги кунда Ўзбекистон ХДП партияси Марказий Кенгаши ҳамда ҳудудий кенгашлари ҳузурида 2006 йилда ташкил этилган “Истиқбол” ёшлар қаноти самарали фаолият кўрсатиб келмоқда. Айни пайтда партия сафида ёшлар сони 235 мингга етган бўлиб, улар орасидан Қонунчилик палатасига энг ёш депутат сифатида 1 нафар ва 63 нафар фаол ёшлар эса икки палата ҳузурида ташкил этилган Ёшлар парламентига сайланди.

Фракция аъзолари ёшларга яқинда қабул қилинган ва парламент қуйи палатасида кўриб чиқилаётган қонунлар, қонунларни қабул қилиш жараёни ҳақида атрофлича маълумот бердилар. Ўз навбатида ёшлар ҳам депутатларга парламент фаолиятига доир ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, батафсил жавоб олдилар.

Учрашувдан сўнг ёшлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлислар зали, музейи ва кутубхонаси билан яқиндан танишдилар.

Мазкур учрашув ёшларни қонунларни ишлаб чиқиш жараёнидаги иштирокини таъминлаш, уларда сиёсий онг ва мунозара маданиятини шакллантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятли бўлди.

 

Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Мен ЎзХДПни танладим Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Ёшлар қаноти
← Рўйхатга қайтиш