Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши томонидан партия ташкилотларида мафкуравий, маърифий ишлар ҳолати таҳлили мазкур йўналишдаги фаолиятни тубдан қайта кўриб чиқиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Мафкуравий йўналишдаги ишлар танқидий таҳлил қилиниб, келгусидаги устувор вазифалар белгилаб олинган йиғилишда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши, вилоятлар, туман (шаҳар)лар партия кенгашлари масъул ходимлари иштирок этди.
Таъкидландики, сиёсий партия фаолиятини тарғиботсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Партия ғояси, дастурий вазифалари, депутатлари фаолияти ҳақида жамоачиликка тезкор ва таҳлилий ахборот бериш долзарб аҳамиятга эга. Содда қилиб айтганда, тарғибот орқали сиёсий куч тўғрисида одамлар фикри шаклланади. Бу борада сиёсий партиянинг тарғибот воситалари муҳим таянч ҳисобланади.
Сиёсий партия илгари сураётган ғоялар халқ ўртасида тарғиб қилиниши, одамларга етказилиши, тушунтирилиши лозим. Шунда сиёсий кучнинг тарафдорлари ортади. Партия ғоялари учун курашадиганлар сафи кенгаяди. Бунинг учун ҳар томонлама фаол, партия учун жон куйдириб, куйиб-пишиб ишлайдиган аъзолар сафини кенгайтириш лозим. Бу орқали одамларни эргаштирадиган, уларнинг онгига партия ғояларини сингдирадиган фаол етакчиларни кўпайтириш мумкин. Шунда ғоя ва мақсадларимиз тарғиботи, бизга ишонган, сафимизга қўшиладиган маслакдошларимиз сони ортади.
Шу боисдан, мафкуравий ишларни кучайтириш, ўтказилаётган лойиҳалар ва тадбирларнинг жозибадорлигини ошириш зарур. Бунда мавжуд лойиҳаларни танқидий таҳлилдан ўтказиш, ижтимоий-сиёсий жиҳатдан асосланган, жамоатчилик эътиборини тортадиган, асосийси, партиянинг сиёсий позициясини аниқ кўрсатиб берадиган лойиҳаларни ишлаб чиқиш муҳим ҳисобланади.
Йиғилишда ҳар бир ҳудуд бўйича мазкур йўналишдаги фаолият таҳлил қилиниб, тегишли тавсиялар берилди.
Сирожиддин Шоназаров,
Ўзбекистон ХДП Марказий кенгаши сектор мудири.