Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қашқадарё вилоят кенгашининг V пленуми бўлиб ўтди

 

Унда партия вилоят кенгаши ҳамда вилоят партия ташкилоти тафтиш комиссияси аъзолари, туманлар ва шаҳарлар партия ташкилотлари раҳбарлари, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлардаги партия гуруҳлари аъзолари, ёшлар ва аёллар қанотлари фаоллари, ҳамкор ташкилотлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Пленумда Ўзбекистон Халқ демократик партияси дастуридаги устувор йўналишлари ҳамда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга оширишда Қашқадарё вилоят партия ташкилотларининг ҳамда депутатлик гуруҳларининг иштирокини таъминлаш масалалари муҳокама этилди.

Мажлисни Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят кенгаши раиси Олим Равшанов олиб борди ва кун тартибидаги масала юзасидан маъруза қилди.

Маърузада вилоят партия ташкилотларининг дастурий устувор йўналишла-рини амалга ошириш борасидаги фаолияти, 2022 йил учун ҳамда ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган вазифаларни белгилаш масалалари танқидий-таҳлил қилиб берилди. Таъкидландики, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан амалга ошириб келинаётган ислоҳотларнинг ижтимоий йўналтирилганлиги аҳолининг, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларнинг манфаатларини тўла маънода ифодалайди.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида сиёсий партиялар, парламент ва маҳаллий Кенгашларнинг халқимиз олдидаги масъулиятини кучайтириш бўйича муҳим ташаббус ва ғоялар илгари сурилган. Уларни амалга ошириш учун барча даражадаги депутатлик бирлашмалари, ҳудудий партия ташкилотларидан қатъият ва жавобгарлик талаб этилиши таъкидланди.

Тараққиёт стратегияси партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари олдига долзарб ижтимоий аҳамиятга эга бўлган вазифаларни қўймоқда.

Биринчидан, Тараққиёт стратегиясидан келиб чиқиб, партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларини янада долзарб масалалар билан қамраб олиш талаб этилади.

Бунинг учун Ижроқўм Ҳайъати зиммасига партиянинг 2022-2024 йилларга мўлжалланган ижтимоий-сиёсий фаолиятининг устувор йўналиш-ларини ишлаб чиқиш ҳамда партиянинг навбатдаги пленуми муҳокамасига киритиш топшири-лади. Ушбу ҳужжатга партиянинг навбатдаги қурултойига қадар амал қиладиган вақтинчалик дастурий ҳужжат мақоми берилиши лозим.

Иккинчидан, жойлардаги депутатлик бирлашмалари ва партия ташки-лотларининг фаолияти самарадорлигини баҳолашда ўз-ўзини танқид қилиш жиҳатидан ёндашиш зарур. Шунинг учун парламент, депутатлик ва жамоат-чилик назоратини кучайтириш бўйича маълум муддатларга мўлжалланган дастурлар ишлаб чиқилади.

Учинчидан, “Қонунчилик ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими” ва “Менинг фикрим” порталларида жамоатчилик муҳокамасига қўйилаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни шакллантиришда халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳлари ва маҳаллий партия ташкилотлари деярли иштирок этмайди. Шу боисдан, бу борада фаолликни кескин ошириш чоралари кўрилади.

Тўртинчидан, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ижросида фаол иштирок этиш учун партия фракциясидан бошлаб туман (шаҳар) Кенгашларидаги партия гуруҳлари – маҳалладаги депутатларгача бўлган вертикал тизим бўйича ишлаш йўлга қўйилади.

Пленумда Ўзбекистон ХДП Қашқадарё вилоят Кенгаши Ижроия қўмитасининг 2021 йилдаги фаолияти, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳининг 2021 йил иш фаолияти якунлари юзасидан ахбороти эшитилди ҳамда партия вилоят ташкилотининг 2021 йилги бюджети ижроси ва 2022 йил бюджетининг асосий кўрсаткичлари тўғрисидаги, шунингдек, туман (шаҳар) партия кенгашлар фаолиятига оид масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Пленумда кўрилган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди.

 

Ўзбекистон ХДП вилоят кенгаши

Ахборот хизмати.

 

 

 

Теглар

Пленум Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш