Оила жамиятимизнинг бошланғич бўғини, гўзал урф-одатларимиз ва қадриятларини ўзида асровчи муқаддас мўъжаз маскан. Эзгуликлар оиладан бошланади, ундан маҳаллага кўчади, жамиятга кириб боради.
БМТ Бош Ассамблеясининг 1993 йил 15 майдаги резолюциясига асосан ушбу кун Бутунжаҳон оила куни деб эътироф этилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига асосан юртимизда 15 май - Халқаро оила куни сифатида кенг нишонланиб келинади.
Аслида ўзбек халқи азалдан оилани муқаддас, муборак даргоҳ сифатида эъзозлаган, бу қўрғонга завол етмаслиги учун бор маҳоратини ишга солган. Оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият ҳам шунчалик барқарор тараққий этишини аждодларимиз яхши англашган. Зеро оилани бошқариш, фарзандларни халққа, ватанга муносиб авлод қилиб етиштириш катта санъатдир. Аждодлармиз анъаналарини давом эттирган ҳолда бугунги кунда ҳам оилани эъзозлаш, замонавий, намунали ва фаровон оилани барпо этиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Юртимизда оила институтини мустаҳкамлаш ва оилалар фаровонлиги таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги ҳеч биримизга сир эмас.
Афсуски, баъзан бу борада билим, тажриба ва тарбиянинг етарли бўлмагани туфайли кўпрок ёшлар ўртасида ажрашиш ҳолатлари учраб туради. Арзимаган баҳонани сабаб қилиб оилалар бузилиб, бегуноҳ, беғубор фарзандлар тирик етим бўлиб қолмокда. Статистика қўмитасининг маълумотига кўра, биргина 2021 йилда 39 мингдан ортиқ оила ажрашган бўлса, 2022 йилнинг 1-чорагида 12 мингдан оилалар барбод бўлган.
Давлат ва жамият бизнинг оиламиз учун қайғураётган бир пайтда, биз ўзимиз ҳам оиламиз бахти, саодати, фаровонлиги, уни асраб-авайлаш учун барча маҳоратимизни ишга солишимиз тўғри ҳисобланади. Бу вазифалар кўпроқ аёл ва эркак, яъни ота-она зиммасига тушади. Аёл оқила, фозила, жонкуяр, ҳар нарсада эр қадрини юксак қўядиган бўлса, эр ҳам босиқ, жиддий, меҳрибон, фарзандлари, аҳли аёлига жонкуяр бўлса эр-хотин ўртасида меҳр – оқибат бўлади. Меҳр-оқибат асосида қурилган оила мустаҳкам бўлади.
Биринчи навбатда ёшларни, фарзандларимизни оилавий ҳаётга тайёрлаб бориш муҳим жиҳатлардан биридир. Ушбу масалада қиз бола ва ўғил болаларга алоҳида-алоҳида эътибор қаратилади. Тарбия ота-оналарнинг болаларига қолдирадиган энг умри узоқ меросидир. Бу борада буюк тарихимиз ва аждодларимизнинг панду насиҳатларига, тавсия ва фикрларига мурожаат қилмасликнинг иложи йўқ.
Ҳар ишда ва ҳар кимда камчилик бўлганидай, агарда аёл кишида бирон камчилик кузатилса, эр киши ақлини ишлатиб, оғир вазмин бўлиб, сабр ила муомала қилса албатта аёл камчилигини тузатишга ҳаракат қилади, энг муҳими бир-бирига ҳурмати ошади, оила мустаҳкамланади.
Оилани асраш ва турмушини гўзал килишда эркак кишининг ҳам олдида муҳим вазифа ва бурчлари бор. Имом Шаъроний шундай деган: “Эй биродарим! Агар сен аёлинг- рафиқанг тўғри, гўзал феъл ва ахлоқли бўлишини истасанг, ўзинг Яратганга нисбатан тўғри бўлмоққа урин, аввал ўз хатоларингни тузат. Бу жуда нозик масала бўлиб, жойига, ҳолатига, хулқига, табиатига қараб алоҳида-алоҳида ёндашишни, усул танлашни талаб ва тақозо этади. Барчасида муҳим бўлгани эса меъёр ва сабр. Бир буюк зот рафиқангни феъли айниши билан ташқарига чиқиб кет дейдилар. Мен ўша буюк зот сўзи тўғри деган бўлардим. У зот сабрга ишорат этаяптиларки, сабр нафақат ташқарини, балки ичкарини ҳам ислоҳ этади, мукофотларнинг энг улуғига элтади.”
Ҳадисларда ҳам бу мавзуда алоҳида эътибор қаратилган: “Жуфтимизни қусури билан қабул қилмоқ (ардоқламоқ) - маъсудликка буюк одимдир ва улуғ омилдир .”
Буюк бобокалонимиз Алишер Навоий ҳазратларининг: “Иффатли, ширинсўз, хушмуомала, ақлли ва гўзал хулқ аёллар ҳамиша қут-барака, ширин ҳаёт манбаидирлар. Сен ўзингга ёр, маҳбуба тиласанг, унинг тўғрисўзлиги, ҳақгўйлиги ва юриш-туришига боқ”, – деган ҳикматли сўзлари оила қуриш арафасидаги ёшларимиз учун ибратли даъватдир.
Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, оилавий муносабатларда аёл ва эркак, ота-она бирдек масъул ҳисобланади. Ҳар қандай вазиятда ҳам эр ва хотин бир-бирини тушуниши, қўллаб-қувватлаши, камчиликларини юзига солмасдан ҳамжиҳатликда бартараф этиши фақат ва фақат оила тинчлиги, унинг мустаҳкам бўлишига хизмат қилади. Аслида оила саодати ҳам мана шунда.
Гулшан Асатова,
Ўзбекистон ХДП “Аёллар қаноти” раҳбари.