Беш йил иш стажига эга бўлган фуқароларни олий таълим муассасаларига суҳбат асосида қабул қилиш жараёни қачондан бошланиши ва қандай тартибда амалга оширилиши, бу масалада қачон, кимга мурожаат қилиш лозимлиги бўйича кўплаб саволлар келиб тушмоқда. Қуйида шу каби саволларга жавоб беришга ҳаракат қиламиз.
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 22 июндаги «2021/2022 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда вазирликлар, идоралар ва йирик хўжалик бирлашмаларида олий маълумотли кадрлар улушини янада ошириш мақсадида 2021 йил 4 ноябрда Вазирлар Маҳкамасининг “Иқтисодиёт тармоқларида камида беш йил иш стажига эга бўлган фуқароларни сиртқи ва кечки таълим шаклига суҳбат натижаларига кўра табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” қарори қабул қилинган бўлиб, ушбу Низом жорий йилнинг 1 майидан кучга кирди. Низом иқтисодиёт тармоқларида камида беш йил иш стажига эга бўлган фуқароларни сиртқи ва кечки таълим шаклига кириш имтиҳонларисиз, суҳбат натижаларига кўра табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш тартибини белгилайди.
Низомга асосан ҳар бир ўқув йили учун 100 нафаргача беш йил иш стажига эга бўлган фуқарога у ишлаётган корхона, ташкилот, муассаса бўйсунадиган тегишли вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмалари томонидан тавсиянома берилади. Тавсияномалар фақатгина берилган ўқув йили учун амал қилади.
Иқтисодиёт тармоқларида камида беш йил иш стажига эга бўлган фуқароларга суҳбат натижаларига кўра табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга кириши учун тавсиянома берувчи вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмалари рўйхати ҳар йили 1 июлгача Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланади ва эълон қилинади.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан тавсиянома бериш ҳуқуқига эга бўлган вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмаларига махсус электрон тизимга кириш бўйича логин ва пароллар берилади. Мазкур вазирлик ва идоралар тавсияномага эга бўлган абитуриентларни ҳар йили 20 июлдан 10 августгача бўлган муддатда Давлат тест марказининг махсус электрон тизими орқали рўйхатдан ўтказади.
Рўйхатдан ўтган тавсияномага эга бўлган абитуриентлар тўғрисидаги маълумотлар Давлат тест маркази томонидан 15 августга қадар Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги орқали тегишли олий таълим муассасаларига етказилади.
20 августдан 30 августгача олий таълим муассасасининг алоҳида суҳбат комиссияси томонидан тавсияномага эга бўлган абитуриентлар суҳбатдан ўтказилади. Суҳбат ўтказиш жадвали олий таълим муассасаси расмий веб-сайтида суҳбат ўтказилишидан камида 5 кун аввал жойлаштирилади.
Суҳбат жараёнида абитуриентларнинг ҳар бирига қуйидаги мавзулар бўйича биттадан жами тўртта савол берилади:
— мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг моҳияти ва аҳамияти;
— белгиланган бакалавриат таълим йўналишини танлашдан асосий мақсад;
— белгиланган бакалавриат таълим йўналишига мос меҳнат фаолияти давомида эришган ютуқ ва натижалари;
— белгиланган бакалавриат таълим йўналиши соҳасида билим ва касбий кўникмаларнинг мавжудлиги.
Суҳбат натижаларига кўра 100 баллик баҳолаш мезони бўйича 55 балл ва ундан юқори балл тўплаган абитуриентлар олий таълим муассасаси ректорининг (директорининг) буйруғи билан табақалаштирилган тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилади.
Беш йиллик иш стажига эга бўлган ва суҳбат асосида ўқишга қабул қилинганларга кейинчалик ушбу тизимда беш йил ишлаб бериш шарти ҳам қўйилмоқда.
Талабаликка тавсия этилганлар учун табақалаштирилган тўлов-контракт асосидаги тўлов ҳар йили шартнома шартларида кўрсатилган муддатларда ходим ишлаётган вазирлик, идора, йирик хўжалик бирлашмаси ёки уларнинг тизимидаги ташкилотлар томонидан амалга оширилади.
Тавсиянома асосида ўқишга қабул қилинган талабаларнинг ўқишини кўчиришга рухсат этилмайди.
Мазкур Низом олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларига, Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотлари ҳамда уларнинг филиалларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Гулшан Асатова,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Аёллар қаноти раҳбари.