Депутат сайловчилар билан учрашди

 

Мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, барқарор даромад манбаига эга бўлишига эришиш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада аҳолининг томорқаларида иссиқхона ташкил қилиш орқали ўзини ўзи банд қилиша муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Наманган вилоят ва Уйчи туман кенгашлари масъуллари ҳамда халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Раънохон Назарова “Аёллар билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида Уйчи тумани “Ўнҳаят” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида уйма-уй юриб, аёллар билан юзма-юз мулоқотда бўлди.

Лойиҳа доирасидаги ўрганиш ишлари 3-сонли умумтаълим ўрта мактабидан бошланди. Мазкур таълим муассасаси 610 ўринга мўлажалланган бўлиб, амалда 1800 нафар ўқувчи икки семенада таълим олар эди. Жорий йил бошида Раънохон Назарованинг ташаббуси билан мактаб 2022 йил инвестиция дастурига киритилиб, таъмирлаш ишлари учун 9 миллиард 456 миллион сўм маблағ ажратилди ва 420 ўринли қўшимча бино қурилиши бошлаб юборилди. Қурилиш-таъмирлаш ишларини янги ўқув йилига қадар якунлаш режалаштирилган.

Тадбир иштирокчилари шундан сўнг 2013 йилда туғилган, болалигидан ногиронлиги бўлган, уйда таълим олувчи ўқувчилардан бири Азизбек Тоҳиржоновнинг ҳолидан хабар олгани йўл олишди. Азизбек болалигида кўп хасталикни бошидан ўтказган. Онаси Гулбаҳор Шокирова “Темир дафтар”да, хасталиги бўйича туман тиббиёт бирлашмаси рўйхатида туради. Тадбир ташкилотчилари томонидан Азизбекка ўқув қуроллари, оиласига озиқ-овқат тўплами берилди.

Маҳалладаги оилавий гулчилар сулоласи давомчиларидан бўлган Ҳамида Жўраева ҳам ўз-ўзини банд этган аёллардан.

– Оилада 9 нафар опа-сингилмиз. Отам Раҳимжон Каримов гулчи бўлган. Опа-сингилларим билан отамизнинг касбини давом эттириб, деярли 61 йилдан буён Наманганда ўтказилиб келинаётган анъанавий гуллар фестивалида қатнашиб келамиз. Гулларни парваришлаб, уни сотиш орқали йилига 25 миллион сўм даромад қиламиз. Шу ҳунар орқасидан уй қурдик, тўй қилдик, рўзғоримиз бут, – дейди гулчи Ҳамида Жўраева. – Бу йилги гуллар фестивалига нафақат янги турдаги гулларимиз билан балки, гулларимизни янгича дизайндаги тувакларда тақдим қилмоқчимиз.

Дарвоқе, Ҳамида Жўраева турмуш ўртоғи билан бирга мато қийқимлари ва иккиламчи маҳсулотлар ҳамда цемент қоришмасидан замонавий гул тувакларини тайёрлашни йўлга қўйган. Бу йилги 61-халқаро гуллар фестивалига 1000 дан зиёд гулларимиз билан иштирок этмоқчимиз. Ҳатто, Хитойдан ноёб гуллардан буюртма қилганмиз.

Болаликдан ногиронлиги бўлган Карима Раҳмонова маҳалладаги номдор тикувчилардан. Турмуш ўртоғи вафот этган. Бир нафар фарзанди бор. Ҳозирда ўз уйида мўжазгина тикув хона ташкил этган. У депутатдан келини Нилуфар Каримованинг ўқишини Қўқон педагогика институтидан Наманган давлат университетига ўтказишда амалий сўради ва мазкур мурожаат депутат томонидан назоратга олинди.

Шунингдек, тадбир давомида ЎзХДП дастурий мақсадларига хайрихоҳ бўлган бир гуруҳ маҳалладаги ёш етакчилар ҳамда таълим фидойиларига аъзолик гувоҳномалари топширилди.

 

Ғанишер Жўраев,

Ўзбекистон ХДП Уйчи туман кенгаши раиси.

 

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Мен ЎзХДПни танладим Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш