Самарали биржа cавдоси – маҳсулотлар бозорининг ривожи

 

Мамлакатимизда товар-хом ашё биржасида савдоларни кўпайтириш, маҳаллий корхоналар иштирокини кенгайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Биржа бу – бозор иқтисодиётининг алифбоси. Ундаги савдолар эркин рақобатни шакллантиради, тадбиркорлар учун янги бозорларни очади, яширин иқтисодиёт ва коррупцияни кескин камайтиради.

Ушбу йўналишдаги ислоҳотлар натижасида сўнгги уч йилда юртимизда биржа савдо айланмаси 2 бараварга ўсиб, 90 триллион сўмга етган, сотиладиган товарлар сони эса 3 бараварга кўпайган. Бундан ташқари, хорижий давлатларда Ўзбекистон товар-хомашё биржасининг 20 та савдо майдончаси ташкил этилиб, жорий йилнинг 4 ойида улар орқали 170 миллион долларлик маҳсулот сотилган. Шунингдек, 1 минг 200 дан ортиқ хорижий компаниялар юртимиз биржасига катта ҳажмда маҳсулот қўйишни бошлади.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 17 май куни товар-хомашё биржасида савдоларни ва унда маҳаллий корхоналар иштирокини кенгайтириш масалалари бўйича бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам айнан мана шу масалалар чуқур таҳлил этилди.

Қайд этилишича, ўтган йили эса йирик корхоналар биржадаги очиқ-ошкора савдолар ҳисобига 8 триллион сўм қўшимча даромад қилган. Шу билан бирга, биржа савдоларини ташкил этиш, маҳаллий тадбиркорларнинг иштирокини кенгайтириш борасида ҳали ҳам камчиликлар учрайди. Мисол учун, биржа савдоларининг 85 фоизини 45 турдаги юқори ликвидли товарлар ташкил этмоқда. Тўқимачилик, ипак, чарм ва кабель маҳсулотлари, ҳудудлардан Сирдарё, Андижон ва Сурхондарё вилоятлари корхоналарининг биржа савдоларидаги иштироки паст бўлиб турибди.

Шу боис давлат раҳбари маҳаллий маҳсулотларни биржага қўйишда туманларни фаоллаштириш зарурлигини таъкидлади. Эндиликда, фермерлар буғдойни биржага қўйганда, улардан гаров талаб этилмайди. Сотилган маҳсулотга биржа томонидан бир кунда тўлов амалга оширилади. Фермерга тўловлар ўз вақтида ва тўлиқ келиб тушишини биржа кафолатлайди. Албатта, ўз меҳнатига муносиб ҳақ олган деҳқон келгусида яна ҳам ғайрат билан ишлай олади.

– Бу туманларнинг биржадаги иштирокини кенгайтириш учун яхши имконият, – деди президент Шавкат Мирзиёев бу ҳақда тўхталиб ўтаркан.

Бугунги кунда 45 мингдан зиёд маҳаллий саноат корхоналаридан бор-йўғи 3 минг 600 таси биржага ўз маҳсулотини чиқармоқда. Бу эса ниҳоятда кам. Шу боис, маҳаллий маҳсулотларни биржа савдоларига чиқариш тартиби соддалаштириладиган бўлди. Жумладан, 1 июлдан биржада алоҳида истиқболли товарлар секцияси ташкил этилиб, маҳаллий тадбиркорларнинг ўз маҳсулотини ортиқча ҳужжатларсиз сотиши йўлга қўйилади. Энг яхши сотилган товарлар, кейинчалик, биржанинг асосий савдо майдонларига жойлаштирилади. Тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказишда, бир вақтнинг ўзида, биржада ҳам ҳисобга олиш тартиби жорий этилади.

Яна бир қулайлиги – маҳаллий тадбиркорларнинг маҳсулотлари учун биржа тўловлари 2 бараварга қисқартирилади. Солиқ назоратида тадбиркорларнинг биржа орқали сотган ёки харид қилган товарлари бўйича қўшимча ўрганишлар ўтказилмайди.

Бундай имкониятлардан фойдаланиб, биржадаги товар айланмасини 2 бараварга ошириш мумкинлиги таъкидланди. Биржада экспорт-импорт маҳсулотлари савдоси ҳажмини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бу борадаги тартиб-таомилларни ҳам енгиллаштириш чоралари белгиланди.

Йиғилишда биржа савдоларида қатнашиш истагидаги тадбиркорларга кўмаклашиш, бу соҳада мутахассислар тайёрлаш бўйича қатор топшириқлар берилди.

 

Урол Ўразбоев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш