Яна битта қонунга зарурат борми?

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг бугун ўтган йиғилишида “Йўл ҳаракатини ташкил этиш тўғрисида” деб номланаётган қонун лойиҳаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Ички ишлар вазирлиги вакили қонун лойиҳасининг заруратини бир қанча рақамлар ва фикрлар билан асослашга ҳаракат қилди.

Хусусан, мамлакатимиз иқтисодиётининг изчил ўсиши баробарида юртимизда автомобиллар сони ва юк, йўловчи ташиш ҳажмининг кескин ошиб бориши автомобиль транспортининг коммуникация тармоғи бўлган автомобиль йўлларини, йўл инфратузилмасини ривожлантиришни тақазо этаётганига эътибор қаратилди.

Автотранспорт воситаларининг сони ошиб бораётгани, автомобиль йўлларига ортиқча юкламалар тушаётганини инобатга олиб, йўл ҳаракатини ташкил этишнинг замон талабларига жавоб берадиган норматив-ҳуқуқий базасини яратиш зарурати пайдо бўлгани таъкидланди.

Ташаббускор томон вакилига кўра, йўл ҳаракати иштирокчилари бўлган транспорт воситалари йўловчилари, пиёда ва велосипед хайдовчилар учун йўл ҳаракатини ташкил этиш тўғри ва тизимли йўлга қўйилмаган. Йўл ҳаракатини ташкил этиш бўйича амалиётда қўлланилиб келаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг аксарияти собиқ иттифоқ даврида ишлаб чиқилган, улардаги нормалар замонавий талабларга мос келмаяпти. Шунингдек, йўл ҳаракатини ташкил этиш учун масъул тузилмалар институти шаклланмаган.

Юқоридаги омиллар туфайли “Йўл ҳаракатини ташкил этиш тўғрисида” янги қонун қабул қилиш зарурати юзага келгани қайд этилди.

Халқ демократик партияси фракциясининг бир неча нафар аъзолари битта соҳа бўйича 2-3 та қонун қабул қилиниши муаммоли ҳолатларга оқилона ечим ҳисобланмаслиги, янги қонун лойиҳасини соҳага оид амалдаги қонунлар билан умумлаштириш кераклиги ҳақида фикр билдиришди. Бир-бирига ўхшаш ва яқин қонунлар кўпайиши реал ҳаётда англашилмовчиликларни ҳам кўпайтириши, бу эса фуқароларнинг қонунларга нисбатан ишончи сусайишига олиб келиш мумкинлиги таъкидланди.

Ташаббускор томоннинг янги қонун лойиҳасини асослаб келтирган фикр ва важларидан депутатлар қониқмади.

Якунда янги қонун лойиҳасидаги таклифлар, янги механизмлар ҳисобига амалдаги “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги, “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунларни такомиллаштириш кераклиги бўйича хулоса берилди.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати.

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш