Тиббиёт ходимларининг қадри ошмоқда

 

Коронавирус пандемияси инсониятга кўп сабоқлар берди. Шулардан бири, шубҳасиз, тиббиёт ходимлари меҳнатини қадрлаш, уларга қулай ва муносиб шароит яратиш қанчалик муҳим эканини тушуниш бўлди.

Давлатимиз раҳбари пандемия бошланган дастлабки кунларданоқ соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятда мавқеини ошириш, ҳурматини жойига қўйиш бўйича муҳим топшириқларни бериб, ижросини ҳам қатъий назоратга олганди. Шунинг учун ҳам тиббиёт ходимлари самарали меҳнат қилиб, юртимизда йўқотишлар дунёнинг аксарият давлатларига нисбатан камроқ бўлди, дейиш мумкин.

Эътибор ва ғамхўрлик вақтинчалик эмас, доимий тус олгани янада қувонарли. Президентимиз янгича форматда тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқот ўтказди, бу жараёнда соҳа вакилларини ўйлантираётган кўплаб масалалар чуқур ўрганилди. Муаммоли ҳолатлар босқичма-босқич ҳал этилмоқда. Очиқ мулоқотда белгиланган вазифаларни амалга оширишга доир “йўл харитаси” тасдиқланди. Ҳужжат 7 та йўналишдан иборат бўлиб, унда 2022 йил 1 июндан соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг ойлик маошини малака тоифасига қараб қўшимча 15 фоизгача ошириш ва юқори технологик мураккаб операцияларни бажарган шифокорларга қўшимча 25 фоиз миқдорида устама тўлашни жорий этиш кўзда тутилган эди.

Куни кеча Президентимиз қабул қилган “Тиббиёт муассасалари ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон соҳа ходимларининг кайфиятини янада кўтарди. Шу билан бирга, тизимда меҳнатга қараб рағбатлантириш механизмлари фаол жорий этилмоқда, соғлом рақобат муҳити ҳам юзага келмоқда.

Хусусан, тиббиёт, фармацевтика ва тиббиёт муассасаларининг бошқа ходимларининг маошлари тариф коэффициентларини тегишинча 1,15 ва 1,1 баробарга кўпайтириш орқали, тоифасига қараб, 10-15 фоизга оширилмоқда. Яъни, иш ҳақи ўртача 2-2,5 бараварига ошадиган бўляпти.

Илмий унвони бор шифокорларнинг ойлик маошлари фан докторларига 60 фоизгача, номзодларга 30 фоизгача қўшиб берилиши кўрсатилди. Бу соҳа ходимлари ўз устида ишлаши учун жуда катта мотивация бўлади.

Энди иш бошлаган, лекин тиришқоқ, салоҳиятли ёш шифокорлар иш хақига ойлик устамалар, оилавий шифокорлик пункти ва оилавий поликлиникаларда иккинчи сменада ишлаганларга 30 фоиз устамалар қўшиб берилиши белгиланган.

Фармон билан тиббиёт муассасалари масъулларини шу вақтгача ўйлантириб келган яна бир масала адолатли ҳал этилмоқда. Ҳозиргача моддий рағбатлантириш жамғармаси умумий фонддан 5 фоизгача бўлиб, унинг 25 фоизи ходимларни рағбатлантиришга йўналтирилиши мумкин эди.

Эндиликда, фармон асосида биринчи кўрсаткич 10 фоизга етказилиб, унинг 75 фоизи ходимларни моддий рағбатлантиришга, 25 фоизи моддий техника базасини ривожлантиришга йўналтирилиши мумкинлиги белгиланди.

Тиббиёт муассасаларида ишловчи ходимларнинг бирламчи ва профилактик тиббий кўриклари бепул ўтказилади, бунинг учун бюджетдан алоҳида маблағ ажратиладиган бўлди.

Бир сўз билан айтганда, фармон тиббиёт ходимлари даромадини ҳам, ҳурматини ҳам, меҳнати самарадорлигини ҳам оширишга хизмат қилади.

 

Қизилгул ҚОСИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш