Ўзбекистон Халқ демократик партияси конституциявий ислоҳотларни бошлаш ҳақидаги ташаббусини тўла қўллаб-қувватлайди.
Бугун бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши ва Қонунчилик палатаси Кенгашининг қўшма мажлисида тузилган Конституциявий комиссиянинг таркибида партиямизнинг фаол вакиллари ҳам борлиги сафдошларимизнинг тарихий жараёндаги иштироки муносиб даражада бўлишини таъминлайди.
Мамлакатимизнинг бугуни ва эртасида ҳал қилувчи аҳамиятга эга Қомусимизни мукаммаллаштириш мақсади партиямизнинг ички қадриятлари, иродаси ва танлаган йўлига мос келади.
Зеро, партиямиз халқимизнинг кундан-кунга ўсиб бораётган тафаккури ва қобилияти, ривожланиш йўлига ҳамоҳанг Ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, жамиятда ижтимоий бирдамликни янада мустаҳкамлаш муҳим эканини алоҳида таъкидлайди.
Партиямиз кейинги йилларда мамлакатимизда фуқароларнинг ижтимоий ҳуқуқларини таъминлашнинг ноёб тизими яратилгани, айниқса, пандемия даврида ижтимоий ҳимоя ва моддий ёрдамга муҳтож фуқаролар ҳуқуқларини таъминлашда давлатнинг ижтимоий масъулияти ва роли яна бир бор намоён бўлганини эътироф этади.
Партия бу борада эришилган марралар ва келгусида амалга ошириладиган ислоҳотларни ўз ичига олувчи “Янги Ўзбекистон — ижтимоий давлат” тамойилини Конституциямизда мустаҳкамлаш таклифини илгари суради.