25 та мурожаат қабул қилинди

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Анвархон Темиров Косонсой туманида бўлиб, сайловчилар билан мулоқот ўтказди. Мурожаатлар асосида ўрганишлар олиб борди. Учрашувларда аҳоли томонидан 25 дан зиёд масала кўтарилган бўлса, уларнинг 16 таси туман ва вилоят даражасида ҳал этилди. 3 та мурожаат мутасаддиларга йўналтирилиб, ижроси назоратга олинди.

“Учқўрғон” маҳалласининг Қирғизистон билан чегарадош “Дам” кўчасида 56 та хонадон бор. Ҳудудда кўп йиллардан буён ичимлик суви муаммо. Ичимлик суви таъминоти мутасаддилари билан бу масалани бартараф этиш муҳокама этилди. Маҳаллада ҳомийлар жалб этилиб, фермер хўжалиги ери орқали ичимлик суви тармоғи тортиб келиш режалаштирилди, дастлабки ишлар бошланди.

Шунингдек, депутат ташаббуси билан Наманган вилоят Маданият маркази ҳамкорлигида 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан маданий тадбир ташкил этилди. Унда "Шўх қизлар", "Намунали болалар" рақс жамоаларининг раҳбари Эвелина Гнездилова режиссёрлигида тайёрланган турли хил саҳна кўринишлари, куй-қўшиқ ва рақслар ижро этилди. Хусусан, Ғафур Ғуломнинг "Сен етим эмассан" шеъри асосида тайёрланган саҳна кўриниши иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Ўрганишларнинг учинчи куни Анвархон Темиров тумандаги 22-сонли давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатида бўлиб, шарт-шароитлар билан танишди. Мактаб жамоаси фаолияти босқичма-босқич тугатилиб, умумтаълим мактабига айлантирилиши режалаштирилаётгани, имкониятларни инобатга олиб, муассаса ихтисослаштирилган мактаб сифатида қолдирилишида ёрдам сўралган. Мурожаат асосида Халқ таълими вазирлигига таклиф юбориш режалаштирилди.

 

«Ўзбекистон овози», 18.05.2022, №20

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш