Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 15 мартдаги “Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги” қарори юртимизда ёши улуғ инсонларга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг навбатдаги амалий ифодаси бўлди.
Ўз навбатида турмушнинг паст-баландини кўрган, бой ҳаётий тажрибага эга нуронийларимиз ҳам халқимиз ва юртимиз манфаати йўлида фидойилик кўрсатмоқдалар. Хусусан, Қашқадарё вилоятидаги 360 минг нафардан зиёд нуронийлар “Бир нуроний ўн ёшга масъул” тамойилини қарор топтиришда алоҳида намуна бўлишяпти. Улар вилоятдаги олий ўқув юртлари, ўрта махсус, профессионал таълим муассасалари ва мактабларда ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш мақсадида учрашувлар, давра суҳбатлари, маънавий-маърифий кечалар ташкил этмоқдалар.
Шундай учрашувлардан бири Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қашқадарё вилоят кенгаши ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими билан ҳамкорликда Қарши шаҳридаги 4-умумтаълим ўрта мактабида – “Уч авлод учрашуви – маънавий қадрият асоси” мавзусида маънавий-маърифий тадбир уюштирилди.
Уч авлод, дейилганда кўз олдимизда ўтмиш, бугун ва келажак намоён бўлади. Кейинги вақтларда уч авлод вакиллари бир даврада жам бўлиб, маънавий-маърифий суҳбатлар ташкил этиш гўзал анъанага айланди.
Тадбирда сўзга чиққанлар бу каби учрашувлар ёшлар ҳаётида муҳим ўрин тутишини таъкидлаб, келажагимиз эгаларининг пухта билим олишлари, замонавий касб-ҳунарларни эгаллашлари лозимлиги ҳақида фикр ва мулоҳазалар билдирдилар.
Тадбир сўнгида учрашув иштирокчилари томонидан мактаб кутубхонасига китоблар тўплами совға қилинди.
Музаффар Туропов,
Ўзбекистон ХДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси ўринбосари.