“Депутат маҳаллада”

 

Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши гўзал гўшалардан бири бўлган Оққўрғон туманида “Депутат маҳаллада” лойиҳаси доирасида тадбир ўтказди. Унда партия фаоллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зуҳра Шадиева, вилоят Кенгаши депутати Низомиддин Ботиров ҳамда туман Кенгаши депутатлари иштирок этди.

Лойиҳа доирасида “Ишга марҳамат” мономаркази фаолияти билан танишилди. Туман Кенгаши депутатлари ташаббуси ҳамда ЎзХДП фракцияси аъзоси Зуҳра Шадиева ёрдами билан марказ реконструкцияси учун тўрт миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилишига эришилди. Бино таъмири ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши назоратга олинди. Депутатлар, шунингдек, маҳаллаларда “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”да рўйхатда турган, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ёлғиз оналар ва ёшларни касб-хунарга ўқитиш ва бандлигини таъминлашда амалий ишлар олиб боришмоқда.

Мономарказда 23 йўналиш бўйича ёшлар, хотин-қизлар ҳунар ўрганишга жалб қилинган. Бунинг учун барча шарт-шароитлар яратилган бўлиб, зарур жиҳозлар билан таъминланган, мастер класс дарсларини ўтиш учун мутахассислар жалб этилган.

Ўқувчилар Халқ демократик партиясининг Сайловолди дастурининг мақсад ва моҳияти, бугунги ислоҳотлар ва “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чоратадбирлари тўғрисида”ги қарор мазмун-моҳияти билан таништирилди. Тадбиркорлик ғояларини қўллаб-қувватлаш борасида “Ўзбекистон учун 100 ғоя” ва “Маҳалланинг ишбилармон тадбиркори” танловлари, “Бизнесга биринчи қадам” грант лойиҳаси хақида тушунчалар берилди.

Тадбирда мамлакатимизда ёшлар масаласига давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири сифатида эътибор қаратилаётгани, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, юртимиз истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, ташаббускор, шижоатли ёшларни тарбиялаш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Ўқувчилар ўқишни битириб сертификат олишганидан сўнг имтиёзли кредит олишлари ва ўз ишларини очиб, иш ўринлари яратишлари ҳақида қувонч билан гапиришди.

Депутатлар, мутахассислар ёшларни қизиқтирган саволларига батафсил жавоб беришди, таклиф ва ташаббуслар асосида келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.

 

 

 

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш