Депутат бандлик соҳасида қонунчилик ижросини ўрганди

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавжуда Ҳасанова томонидан сайлов округи ҳудудида сайловчилар билан учрашувлар ўтказилиб, мурожаатлар қабул қилинди. Қуйи палата депутати ислоҳотлар самарадорлигини бир неча соҳаларни ўрганиш орқали кўриб чиқди.

Хусусан, Узун туманида ижтимоий объектларнинг фаолиятни ўрганилганда, тумандаги мактабгача таълим ташкилотларида 2019 йилгача қамров даражаси 9,7 фоиз бўлган бўлса, бугунги кунда бу кўрсаткич 55,7 фоизга етгани маълум бўлди. Сўнгги йилларда янги МТМлар қурилишига ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Жумладан, 3-мактабгача таълим ташкилоти 2020 йилда қуриб битказилган. Муассаса 100 ўринга мўлжалланган, 32 нафар ходим фаолият олиб бормоқда. Ногиронлиги ва бошқа имтиёзга эга бўлган оилаларга имтиёз берилган. Болажонлар учун барча шароитлар муҳайё этилган. МТМ раҳбарияти депутат билан бўлган суҳбатда кузатув тизими ва кондеционер ўрнатилишига зарурат борлигини билдирди.

Давлат хизматлари кўрсатиш марказида фуқароларнинг мурожаатларини ҳал қилиш учун барча шароит яратилган. Ўтган йилда барча турдаги хизматларга 36000 та мурожаат тушган бўлса, уларнинг барчаси қаноатлантирилган. Мурожаатларнинг асосий қисмини кадастр хизмати ва фарзандларни болалар боғчасига навбатга қўйиш ташкил қилган. Фуқаролар билан бўлган суҳбатда, улар марказга қайта-қайта келмаслик учун қонунга ўзгартиш киритиш, яъни фуқаролар уйларини ҳужжатини бир марта мурожаат этиш орқали ҳал қилиш бўйича таклиф билдиришди.

Туманда 2022 йилда янги иш жойлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижросини таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилган. Жумладан, Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига жорий йилнинг январь-май ойларида 952 нафар фуқаро иш сўраб мурожаат этган бўлса, улардан 487 нафари иқтисодиётнинг турли соҳаларига ишга жойлаштирилган, 198 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилган, 137 нафари турли касблар бўйича касб-ҳунар ўрганишга юборилган, 130 нафарига меҳнат қонунчилиги бўйича маслаҳатлар берилган. Ишга жойлаштирилган 487 нафар фуқаронинг 287 нафарини аёллар, 136 нафарини ёшлар ташкил этади. Шунингдек, 11 нафар хотин-қизни тикувчиликка ўқитиш ишлари давом эттирилмоқда. Бундан ташқари, “Уста-шогирд” анъаналари асосида ҳунармандлар билан шартномалар тузилиб, “Янги рўзғор”, “Файзобод”, “Обизаранг”, “Қарашиқ”, “Бешкапа”, “Янги куч”, “Узунқишлоқ” ва “Баҳористон” каби маҳалла фуқаролар йиғинларида 65 нафар фуқаро учун тикувчилик, “Дўстлик” МФЙда 5 нафар фуқаро учун темирчилик йўналишида ўқишлари ташкил этилган. Шунинг билан бирга, ҳисобот даврида аҳоли бандлигини меҳнат ярмаркалари ташкил этиш орқали таъминлаш, турли йўналишлар бўйича касб-ҳунарга ўқитиш йўналишларида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавжуда Ҳасанованинг сайлов округида ижтимоий соҳа объектлари фаолиятини ўрганиш ишлари ва аҳоли билан мулоқоти давом этмоқда.

 

Суман Норқулова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати вакили.

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш