“Бўстонлиқ туманидаги ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, бепул озиқ-овқат маҳсулотлари ва гигиена товарлари билан таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги масала Ўзбекистон ХДП депутатлик гуруҳи томонидан ўрганилиб, якунлари халқ депутатлари Бўстонлиқ туман Кенгаши сессиясида муҳокама қилинди.
Туманда Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлими томонидан 147 нафар фуқаро рўйхатга олинган. Уларнинг 113 нафари ўзгалар парваришига муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда 34 нафари ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз яшайдиган кексалар ва ногиронларни ташкил этади. Уларга бўлимнинг 19 нафар ходими хизмат кўрсатиб келмоқда.
Ўрганишда ҳозирги кунда ушбу фуқароларга “Navruz Torgovaya Gruppa” масъулияти чекланган жамияти томонидан туман молия бўлими, фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органлари ҳамда туман Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлими билан тузилган тўрт томонлама шартнома асосида Ҳукумат қарорида белгиланган 11 турдаги асосий озиқ-овқат маҳсулотлари ва 8 турдаги гигиена товарлари бепул етказиб берилаётганлиги, уларнинг сифати қониқарли эканлиги маълум бўлди. Бўлим ходимлари томонидан ёлғиз ва ўзгалар парваришига муҳтож кексалар, ногиронлиги бўлган фуқароларга кўрсатилаётган ижтимоий-маиший хизматлар сифатидан шикоятлар билдирилмади.
Шунинг билан бирга, маҳсулот ва товарлар учун тўловлар мутасадди ташкилотлар томонидан турли сабабларга кўра савдо ташкилотининг ҳисоб рақамига ўз вақтида ўтказилмаётгани ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга кўрсатиладиган кўмакларни бир неча ҳафтага кечиктирилишига олиб келаётгани маълум бўлди. Бундан ташқари, ўзгалар парваришига муҳтож ҳамда ёлғиз яшайдиган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг 24 нафарининг уй-жойлари жорий таъмирга муҳтожлиги аниқланди.
Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Сайловолди дастурида аҳолининг заиф қатламларини фуқаролик, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларига риоя этилиши устидан жамоатчилик, депутатлик ҳамда парламент назорати самарадорлигини оширишга қаратилган инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш асосий фаолият йўналишларидан эканлиги белгилаб қўйилган.
Кун тартибига киритилган масалалар атрофлича муҳокама қилиниб, халқ депутатлари Бўстонлиқ тумани Кенгаши сессиясининг ўрганишда аниқланган камчиликларни бартараф этишга қаратилган тегишли қарори қабул қилинди. Шунингдек, бир ҳафта муддатда яшаш шароити оғир бўлган, ўзгалар парваришига муҳтож, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг уй-жойлари жорий таъмирлаш юзасидан халқ депутатлари туман Кенгашига таклиф киритилиши келишиб олинди.
Олимжон Бабаев,
халқ депутатлари Бўстонлиқ туман Кенгаши депутати,
партия гуруҳи раҳбари.