Бугун Конституциявий комиссиянинг дастлабки йиғилиши юқори ишчанлик руҳида ўтди. Унда комиссия ишини самарали ташкил этиш билан боғлиқ муҳим масалалар кўриб чиқилиб, керакли қарорлар қабул қилинди.
Асосий вазифалар этиб қуйидагилар белгиланди:
Биринчи вазифа: Таклифларни тўплаш, умумлаштириш, шакллантириш асосида «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» Қонун лойиҳасини тайёрлаш;
Иккинчи вазифа: Давлат органлари, нодавлат ташкилотлар ва мансабдор шахслардан ҳужжатлар, экспертлик хулосалари, статистик маълумотлар ва бошқа ахборотларни сўраб олиш;
Учинчи вазифа: Илмий-тадқиқот муассасалари, олимлар, экспертлар ва мутахассисларнинг Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлари юзасидан тавсияларини, шунингдек, экспертлар хулосаларини олиш;
Тўртинчи вазифа: Конституциявий комиссиянинг ишига давлат органлари ва нодавлат ташкилотлар вакилларини экспертлар сифатида жалб қилиш;
Бешинчи вазифа: Зарурат туғилганда, манфаатдор давлат органлари ва нодавлат ташкилотларга ўрнатилган тартибда кўриб чиқиш учун тақдим қилинган таклифларга асосан, бошқа қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш;
Олтинчи вазифа: Конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлар бузилиши ҳақида жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатларни тегишли идораларга кўриб чиқиш учун юбориш.