"Йўғон чўзилиб, ингичка узиладиган пайт". Мана шу 5 та сўз халқимизнинг тарихий-ижтимоий турмуш шароитини 500 саҳифалик таҳлиллардан кўра яхшироқ тушунтириб беради. Қиш кетиб-кетмаган, ёз келиб-келмаган, томорқаларда, боғларда бир нарса пишиб-пишмаган ҳозирги кунларда кам даромадли одамларнинг қўлида пули кам, бир хилларда йўқ ҳисоби. Минг хил сабаб билан асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг нарх-навоси ҳам баландроқ. Бу оралиқ даврда қанча оилаларга ўй тушгани ҳам бор гап.
Шулар ҳақида ўйласак, кеча Президент қабул қилган аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини манзилли қўллаб-қувватлаш ҳақидаги қарорнинг мазмунини тушунгандек бўламиз.
Ҳужжатга кўра, давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг қатламларига бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади. Бу ёрдамни кимлар олади?
Ёшга доир, ногиронлик пенсияси ва нафақасини олувчиларга, болаликдан ногиронлик нафақасини ҳамда боқувчисини йўқотганлик пенсияси ва нафақасини олувчи ҳар бир оила аъзосига ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парваришлаш нафақасини олувчиларга Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда – 300 минг сўмдан, Тошкент шаҳрида – 400 минг сўмдан берилади.
Шунингдек, республика бюджети ҳисобидан бошқа органлар орқали пенсия олувчиларга тегишли вазирлик ва идоралар томонидан мазкур банднинг “а” кичик бандида назарда тутилган шартларда ва миқдорларда бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади.
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган сифатида моддий ёрдам олувчи оилаларга ҳамда кам таъминланган сифатида болалар нафақасини олувчи оилаларнинг ҳар бир 18 ёшга тўлмаган боласига – 200 минг сўмдан.
Эътибор беринг, бир нечта тоифа бўйича бир марталик моддий ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга бир марталик моддий ёрдам ҳар бир тоифа бўйича тўлаб берилади.
Бу ёрдам пуллари қачон муҳтожларга етиб боради? Орадан қанча вақт ўтади? Бу саволларга қарорда аниқ жавоб берилган:
Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Марказий банк ва тижорат банклари мазкур қарорда белгиланган бир марталик моддий ёрдам тўловларининг икки ҳафта муддатда тўлиқ тўланишини таъминлаши зарур.
Керак пайтда кўрсатилган ёрдам керак вақтда эгаларига етиб бориши учун депутатлик, жамоатчилик назорати ўрнатилади. Зарурат юзга келганда, партиямиз фаоллари, депутатлари томонидан манзилли ўрганишлар ўтказилади.
Тўлқин Тўрахонов,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари.