Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилбархон Мамажонованинг сайлов округидаги аҳоли билан учрашувлари доирасида туман ҳокими Шуҳрат Мўминов ҳамда ташкилот, корхона раҳбарлари иштирокида фуқаролар қабули ташкил этилди.
Туман Халқ қабулхонасида бўлиб ўтган учрашувда фуқаролар томонидан кўтарилган кўплаб муаммолар жойида ҳал этилди. Жумладан, жарроҳлик амалиёти учун пул ажратиш масаласида ёрдам сўраган И.Умаровни вилоят касалхонасида ташкил этилган акция доирасида бепул операция қилдириш учун ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича туман тиббиёт бирлашмасига кўрсатма берилди. Сайловчилардан тушган бошқа мурожаатлар бўйича ҳам тегишли чоралар белгилаб олинди.
Шундан сўнг, парламент қуйи палатаси депутати Д.Мамажонова “Бўстон” МФЙда жойлашган кўп тармоқли поликлиника ходимлари билан учрашди. Учрашувда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳамда конституциявий ислоҳотларни рўёбга чиқариш билан боғлиқ ишларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида тушунчалар берилди. Поликлиникада амалга оширилаётган ишлар ва мавжуд муаммолар ўрганилди. Муаммоларни бартараф этиш юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига депутат сўрови билан мурожаат қилишга келишиб олинди.
Халқ вакили ҳудудда янги иш ўринларини яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати билан ҳам танишди. Маълум бўлишича, Фарғона туманида 2022 йил январь-апрель ойларида 4985 та иш ўрни яратиш режа қилинган бўлса, амалда бу рақам 9671 тани ташкил этгани алоҳида эътироф этилди. Шунинг билан бирга, ҳисобот даврида 111 нафар ишсиз фуқарога жами 129 млн 900 минг сўмлик субсидия ажратилган. Жумладан, 38 нафар фуқарога 74 млн 389 минг сўмлик асбоб-ускуналар, 4 нафар фуқарога 32 млн 400 минг сўмлик енгил конструкцияли иссиқхона ўрнатиш ҳамда уруғликлар, кўчатлар ва суғориш воситалари харид қилиш учун, 9 нафар ишсиз фуқарони тадбиркорлик ва ҳунармандчиликдан рўйхатдан ўтказиш учун 3 млн 080 минг сўм субсидия тўлаб берилган.
Бундан ташқари, “Баҳодир Лоғон текстил” МЧЖга жорий йил январь-апрель ойларида 74 нафар ишсиз фуқарога стипендияли касбга қайта ўқитиш учун йўлланмалар берилиб, улар тикувчилик йўналиши бўйича ҳунар ўрганмоқда ва ушбу фуқароларга жами 37 млн 131 минг сўм стипендия маблағлари тўлаб берилган. Эътиборлиси, ушбу даврда мазкур корхонага 106 нафар фуқаро ишга қабул қилинган.
Депутат Д.Мамажонованинг сайлов округида аҳоли билан учрашувлари давом этмоқда.
Мунирахон Исомова,
Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши масъул ходими.