Давлат бюджети ижроси бўйича молиявий назорат тизимининг самарадорлигини ошириш лозим

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда депутатлар томонидан бир қатор қонун лойиҳалари билан бирга “Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2021 йилдаги ижроси тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2022 йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисида”ги масалалар кўриб чиқилди.

Хусусан, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2021 йил ҳамда 2022 йил биринчи чорак ижроси якунлари тўғрисидаги ҳукумат ҳисоботлари йиғилишда таҳлилий муҳокама қилинди. Муҳокамада фракция аъзоларидан М.Ворисова, Д.Мамажонова, Ш.Турғунова, Д.Имомова ҳамда Ш.Назаров сўзга чиқиб, фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Таъкидлаш жоиз, дунёда кузатилаётган мураккаб вазият, кутилмаган иқтисодий ва молиявий қийинчиликларга қарамасдан, ҳукумат томонидан аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш, молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди. Жумладан, ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан умумий харажатларнинг 54,7 фоизи миқдорида маблағ йўналтирилган. Ушбу маблағлар ҳисобидан аҳолининг эҳтиёжманд қатламларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни ва фаоллигини ошириш, оғир вазиятга тушиб қолган оилаларни қўллаб-қувватлаш, ишсиз фуқаролар меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича билим ва кўникмаларга эга бўлиши учун имконият яратиш, соғлиғини тиклашга, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож юртдошларимизга зарурий ёрдамлар кўрсатилган.

Давлат бюджетининг ижтимоий йўналтирилганлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти илгари сурган ғоялар асосида Тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларга, шунингдек, Ўзбекистон Халқ демократик партияси дастурий мақсадларига тўлиқ мос келади.

Фракция ҳукуматнинг кучли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон қадрини юксалтириш ва бошқа асосий йўналишлардаги кенг қамровли, масъулиятли фаолиятини эътироф этади. Шу билан бирга, фракциямиз аъзолари муҳокамалар жараёнида ижтимоий соҳага йўналтирилган маблағларнинг самарали, мақсадли сарфланиши масаласига алоҳида эътибор қаратди.

Биринчидан, бюджет ижроси билан боғлиқ назорат тадбирлари давомида камомад ва молиявий хатоликлар йилдан-йилга кўпайиши ҳолатлари аниқланмоқда. Бу бир томондан бюджет ижроси бўйича назорат кучайганини англатиши мумкин бўлсада, иккинчи томондан ижронинг қуйи тизимида бошқарув самарадорлигини ошириш тақозо этилаётганини кўрсатади.

Мисол учун, 2021 йилда Мактабгача таълим вазирлиги тизимида пул маблағлари ва моддий бойликларнинг камомади ҳамда ноқонуний ўзлаштириш ҳолатлари 6,9 млрд. сўм бўлган бўлса, 2022 йил биринчи чоракликининг ўзида 5,6 млрд. сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланган. Шунга ўхшаш ҳолат Халқ таълими вазирлиги тизимида ҳам кузатилган. Камомад ва ноқонуний ўзлаштириш 2021 йилда 24,9 млрд. сўм қийматни ташкил этган бўлса, 2022 йил биринчи чоракда бу рақам 2,8 млрд. сўмга етган.

Бундай ҳолатлар бошқа вазирлик ва ташкилотларда ҳам аниқланмоқда. Бу Давлат бюджети ижроси бўйича молиявий назорат тизимининг самарадорлигини ошириш зарурлигини кўрсатмоқда. Мазкур йўналишда таъсирчан, тўғридан-тўғри ишлайдиган қонун бўлмаса, молиявий назорат тизими замон талаблари даражасида ишлаши қийин, деб ҳисоблаймиз.

Иккинчидан, давлат мақсадлари жамғармалари маблағларининг ишлатилиши бўйича маълумотларнинг батафсил эмаслиги реал вазиятни билиш ва атрофлича муҳокама қилиш имкониятларини чекламоқда.

Маълумки, 2021 йилда 92 013,6 млрд. сўм ёки умумий харажатларнинг 48,9 фоизи, 2022 йилнинг биринчи чорагида эса 23 469,9 млрд. сўм ёки умумий харажатларнинг 54,7 фоизи ижтимоий соҳага ажратилган. Аммо, ҳисоботларда боқувчисини йўқотган, “Меҳрибонлик”, “Мурувват” уйлари ва Болалар шаҳарчаларида тарбияланаётган болаларга ҳамда “Саховат” уйларига сарфланган ҳаражатлар бўйича молиявий назорат ўтказилганлиги ҳақидаги ҳисоботлар етарлича очилмаган.

Фракция инсон қадри тамойили билан бевосита боғлиқ мазкур йўналишларда шаффофликни ошириш, кейинги ҳисоботларда бу борада кенгроқ ахборот берилиши муҳим, деб ҳисоблайди.

Фракция давлат бюджет ижросидаги камчиликларни келгусида бартараф этиш мақсадида ҳукуматдан, авваламбор, бюджет ижросига нисбатан танқидий ёндашувни кучайтиришни, масъул вазирлик-идоралар раҳбарлари зиммасига шахсий жавобгарликни юклашни, юзага келган салбий ҳолатларни чуқур таҳлилдан ўтказиб, очиқ ва таъсирчан чоралар кўришни сўрайди.

Юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси 2021 йил ҳамда 2022 йил биринчи чорак якунлари бўйича Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни қўллаб-қувватлади ҳамда барча депутатларни маъқуллаб овоз беришга чақиради.

 

Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш