БПТлар ҳақиқий таянчга айланиши лозим

 

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Сайловолди дастурида илгари сурилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш электорат ишончини мустаҳкамлаш, партияни етакчи сиёсий кучлардан бири сифатида эътироф этилишида ижобий натижалар бермоқда. Айниқса, 2022 йил – “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширилиши белгилаб олинган чора-тадбирлар барчамиз учун ўзига хос синов бўлади.

Қайд этиш керак, сифат жиҳатдан янги иш усулларидан бири бўлган “Маҳаллабай” ишлаш тизими жойларда ҳокимлик, ташкилот ва идоралар қатори депутатлар, депутатлик бирлашмалари зиммасига улкан масъулият юклади. Партия ташкилотлари ва депутатларга бевосита ҳар бир фуқаронинг дардини тинглаш, уларнинг қувончу ташвишлари билан ҳамнафас бўлиб яшаш, кўпчиликни ўйлантираётган, халқимизнинг фаровон ҳаёт сари интилишига тўсқинлик қилаётган муаммоларни бартараф этиш ва одамларни ўтаётган кунидан рози бўлиб, эртанги кунига ишонч билан қарашига замин тайёрлашдек юксак вазифаларни қўймоқда.

Эришилган ютуқлар ўзимизники, албатта. Лекин, барчамиз учун чиқарадиган ягона хулоса шуки, келгусида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг дастурий устувор йўналишларини амалга оширишда, электоратимиз манфаатларини ҳимоя қилиш, партиямизни халқимиз ўртасида чинакам таянч ва суянч масканига айлантириш учун яна қандай мақсад ва ташаббусларни илгари суришимиз лозим, деган савол ҳеч биримизга тинчлик бермаслиги лозим.

Олдимизда турган вазифалар кўлами катта. Бироқ, улар хайрли мақсад – одамларнинг ўз маҳалласида меҳнат қилиб, даромад топиш орқали турмушларини фаровон қилишларига замин имконият яратиб беришга қаратилган. Бу вазифалар ижросини таъминлашни депутатлик ва жамоатчилик назоратига олиш, ривожланишимизга тўсиқ бўлаётган муаммо ва камчиликларни партиявий воситалар билан бартараф этиш барча маслакдошларимизга, депутатларимизга катта масъулият юклайди. Қолаверса, бундан кейин тизимимизда фаолият юритаётган БПТларга асло бефарқ қарамаслигимиз керак.

Аслида БПТ аъзоси шу қадар партияга яқин бўлиши керак-ки, у ҳар қачон биз учун тайёр заҳира куч бўлиб туриши лозим. Партиянинг келгусидаги мақсад ва вазифаларини халққа кенгроқ тарғиб қилиш учун ҳам, бугун эски тизимдан чиқишимизга тўғри келади. Сабаби, ҳар қандай партия аъзоси, БПТ аъзоси партиямиздан нимадир манфаат кўриб турган тақдирдагина, эртага бизга қўшимча қанот бўла олади. Шу боисдан мунтазам танловларни ташкил этиб, уларга бўлган рағбатни ҳам шакллантириб боришимиз мақсадга мувофиқдир. Зеро, бугун биз атрофга янаям теранроқ қарашимиз лозим. Одатий эски қарашларимиз билан эса ҳеч нима эришиб бўлмайди.

 

Нуриддин Холматов,

Ўзбекистон ХДП Жиззах вилояти кенгаши раиси.

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш