Хотин-қизларни тадбиркорликка ўргатиш борасида ҳамкорлик

 

Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлаш долзарб масалалардан ҳисобланади. Мамлакатимизда хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан бирга, уларни касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Лекин шунга қарамай, тадбиркорликни бошламоқчи бўлган айрим аёлларда тадбиркорликни бошлаш ва ровожлантириш борасида уқув етишмайди.

Айнан ушбу масалада аёллардан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Ўз тадбиркорлигини бошламоқчи ва ривожлантирмоқчи бўлган хотин-қизлар талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши “Аёллар қаноти” хотин-қизларни тадбиркорликка ўргатиш, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида “Forta consulting” компанияси билан ҳамкорликни йўлга қўйди.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашида бўлиб ўтган “Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва бандлигини таъминлаш – устувор вазифа” мавзусидаги семинарда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, яратилтган имкониятлар, имтиёзлар тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Тадбирда “Аёллар қаноти” раҳбари Гулшан Асатова 2022-2024 йилларга мўлжалланган “Бизнес аёллар” дастури ишлаб чиқилиши, жорий йил 1 июндан бошлаб маҳаллаларда хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва саломатлигини мустаҳкамлаш марказлари ташкил қилиниши, улар маҳаллалар томонидан тикувчилик, қандолатчилик, фитнес, шейпинг, хотин-қизларни касбга ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун тадбиркорлик субъектларига узоқ муддатли ижарага берилиши, хотин-қизларнинг бизнес-лойиҳаларини молиялаштириш учун 2022 йилда қўшимча 1 триллион сўм маблағ ажратилиши ва бу орқали тадбиркорлик субъектлари орасида хотин-қизлар улушини янада кенгайтириш назарда тутилаётганлиги, бундай имконият ва имтиёзлардан хотин-қизлари унумли фойдаланиши лозимлигини таъкидлаб ўтди.

Таъкидландики, жорий йил 1 сентябрдан бошлаб бюджет ташкилотларидан ташқари барча юридик шахсларда охирги 6 ой давомида узлуксиз иш стажига эга бўлган аёлларга ҳар ой учун минимал истеъмол харажатлари миқдоридан келиб чиққан ҳолда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланиши, тадбиркорлик фаолиятини янги бошлаётган тадбиркор хотин-қизларга ажратилаётган субсидия миқдори 7 миллион сўмдан 10 миллион сўмга оширилади.

Тадбирда “Forta consulting” фирмаси асосчиси, маркетолог, тажрибали тренер Меҳринисо Абдураззоқова “Хотин-қизлар тадбиркорлигини бошлаш ва ривожлантиришда маркетинг асосларининг ўрни ва аҳамияти”, “Бизнес соҳалари ва бозор” мавзуларида тадбиркорликни бошлаш ва ривожлантиришнинг сир-асрорлари ҳақида тушунчалар берди.

Тадбирда семинар тренингларни давом эттириш хусусида келишиб олинди.

 

 

Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати

 

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз
← Рўйхатга қайтиш