Коррупцияга қарши кураш Бош қомусимиздан бошланиши керак

 

Ҳар бир соҳада натижага, ўсишга эришиш учун аввал, уни коррупциядан ҳоли қилиш лозим. Ўйлашимча, коррупциянинг олдини олиш, унга қарши курашиш чоралари Бош қомусимиздан бошланиши керак.

Бунинг учун давлат идораларида ишловчи ходимлар коррупция жиноятини содир этса, таниш-билишчилик ва шунга ўхшаш ҳолатларда, шунингдек, халқ ва давлат мулкига зарар етказган ҳамда ўз мақсадлари учун фойдаланган тақдирда, уларга жазоларни кескин кучайтириш керак. Аксинча, коррупция ҳақида хабар берганларни мукофотлаш зарурлиги ҳақида қўшимчалар киритиш лозим. Бундан ташқари, порани берувчи ҳам уни олган шахсдан кам жазога муносиб эмаслиги белгиланиши коррупцион ҳолатларнинг камайишига хизмат қилади, деб ўйлайман. Мисол учун, коррупция жиноятини содир этган шахсларни келажакда пенсия таъминотидан маҳрум этиш керак. Шу каби кескин чоралар қўлланилиши пора олувчини ҳам, берувчини ҳам сергакликка чоралашига ишонаман.

Оила ҳақида кўп гапирамиз. Жойларга чиққанда, аҳоли билан учрашганда ҳам бу кичик қўрғон ҳақидаги масалаларга кўп дуч келамиз. Умуман, оила ва унинг тинчлиги ҳар бир замонда долзарб бўлиб келган. Шунга қарамасдан, оилавий ажримлар сони камайиш ўрнига, кун сайин ортиб бормоқда. Ўйлайманки, ана шундай ажримларнинг олдини олиш учун Ўзбекистон Республикаси Конституциясида оила мавқеини мустаҳкамлаш керак. Таклифим – ажримларда эр ёки хотиннинг эмас, аввало, боланинг манфаатларини ҳисобга олиш зарур.

 

Дилбар МАМАЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

«Ўзбекистон овози», 1.06.2022, №22

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш