Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.
Қўшма мажлисда республика Конституциявий комиссияга тақдим этиш бўйича Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг таклифларини тайёрлаш жараёнини самарали ташкил қилиш масаласи кўриб чиқилди.
Йиғилишда, парламент депутатлари, партия Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзолари билан бирга, минтақавий партия кенгашлари раҳбар ва масъул ходимлари, халқ депутатлари Кенгашлари депутатлари ҳам иштирок этди.
Йиғилишни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, партия фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов кириш сўзи билан очиб, кейинги йилларда мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилган кенг кўламли янгиланишлар мутлақо янгича муҳитни юзага келтиргани, янги давр ислоҳотлари учун ҳуқуқий асосларни янада мустаҳкамлаш долзарб масала эканини таъкидлади.
Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг мамлакатда ижтимоий адолат, ижтимоий тенглик ва демократия мезонларига мос келадиган ижтимоий демократик давлат барпо этиш ҳақидаги дастурий мақсадлари Асосий Қонунимизни такомиллаштириш ташаббусига мувофиқ экани, ижтимоий йўналтирилган ислоҳотлар халқимизнинг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилиши, бу эса партияни конституциявий ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этишга ундаши қайд қилинди.
Конституциямизга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги таклиф Халқ демократик партияси томонидан қўллаб-қувватланган бўлиб, партия ўз дастурий мақсадларидан келиб чиқиб таклифлар тайёрлашини маълум қилган.
Мажлисда Асосий Қонунга таклифлар тайёрлаш катта масъулият талаб этиши, бу жараёнда партиянинг барча ҳудудлардаги фаоллари, ҳар бир бўғиндаги депутатлари, умуман, кенг жамоатчилик вакилларининг фикр-мулоҳаза ва таклифларини олиш кераклиги қайд этилди.
Шу мақсадда Қорақалпоғистон республика, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларида таклифларни олиш ва дастлабки тарзда ўрганиб, умумлаштириш бўйича ҳудудий ишчи гуруҳлар тузилди. Мазкур ишчи гуруҳлар туман (шаҳар) кенгашларига келиб тушган таклиф ва мулоҳазаларни йиғиб, партия Марказий Кенгаши ва парламент қуйи палатасидаги фракцияси аъзолари ҳамда тажрибали экспертлардан иборат таркибда шакллантирилган республика ишчи гуруҳига тақдим этади.
Асосий ишчи гуруҳ республикамизнинг барча ҳудудларидан келиб тушган таклиф-мулоҳазаларни экспертлар кўмагида таҳлилдан ўтказиши, мазмунан умумлаштирган ҳолда, уларни асослантириш ишларини амалга ошириши белгиланди.
Қўшма мажлисда аҳоли вакиллари, партия фаоллари, тарафдорлари, хайриҳоҳлари ва электорат вакиллари ўз таклифларини беришлари учун қулай имконият яратиш, тўпланган таклифларни ҳуқуқий жиҳатдан асослаш ва такомиллаштириш учун кўпроқ экспертларни жалб этиш, асослантирилган таклифларнигина тегишли тартибда Конституциявий комиссияга Ўзбекистон Халқ демократик партияси таклифлари сифатида тақдим этиш борасида фикрлар баён этилди.
Йиғилишда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифларни амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлари белгилаб олинди.
Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати