Спорт жонкуяри, партиямиз фидойиси

 

Аёл – она, аёл – опа-сингил, аёл – суюкли ёр, аёл – жонкуяр раҳбар, сиёсатчи. Бу каби таърифларни узоқ давом эттириш мумкин. Бир сўз билан айтганда, аёл бир қўли билан бешикни тебратса, бир қўли билан дунёни тебратади. Аёл фарзанд тарбияси, уй-рўзғор ташвиши билан бирга, зиммасига юклатилган ҳар қандай вазифани меҳр билан бажаради. Шунинг учун бўлса керак, халқимизда «Аёл яратганнинг буюк мўъжизаси» ибораси кўп ишлатилади. Тарихимизда Тўмарису Бибихоним, Гулбаданбегим, Зебунисо, Нодирабегим ва Анбар отин каби оқила момоларимиз яшаб ўтган. Уларнинг жасоратию, ақлу заковати барчамизга маълум.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси тизимида ҳам жамиятда ўз ўрни, ўз сўзига эга бўлган сиёсатчи аёллар талайгина. Улардан бири Ўзбекистон ХДП Навоий шаҳар кенгаши раиси Баҳора Ҳамдамовадир. У 1971 йил Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Иш фаолиятини Қизилтепа туманидаги 9-сонли мактабгача таълим муассасаси тарбиячи ёрдамчиси сифатида бошлаган. Курск педагогика институтини аъло баҳоларга тугатиб, бир неча йиллар ёш авлодга ўзбек тили ва адабиёти фанидан сабоқ берди.

Баҳора Ҳамдамова тиришқоқ, ҳаракатчан бўлганлиги сабабли туман ва вилоят ташкилотларида раҳбарлик лавозимларида ишлаб келмоқда. Хусусан, “Соғлом авлод учун” хайрия жамғармаси Навоий вилоят бўлими директори, Навоий шаҳар ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси сифатида фаолият олиб борди. Қандай лавозимда ишламасин, муҳими, опа юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлигини таъминлаш йўлида ўз билимини, салоҳиятини ва куч-ғайратини аямади. Ҳозирги кунда у Навоий вилояти Спортни ривожлантириш бош бошқармаси Гимнастика спорт турларига ихтисослаштирилган болалар ўсмирлар спорт мактаби директори ҳамда Ўзбекистон ХДП Навоий шаҳар Кенгаши раиси лавозимида ишлаб келмоқда. Бундай масъулиятли лавозимларда ишлашнинг ўзи бўлмайди. Лекин у фаолиятида билим ва тажрибаси, иқтидор ва салоҳиятини намоён этиб, бошқаларга ўрнак бўлиб келмоқда. Унинг ташаббуси билан вилоятимизда илк бора вилоят ва республика терма жамоа аъзоси ҳисобланган, халқаро тоифадаги спорт устаси Анастасия Берестецкая хотирасига бағишланган халқаро турнир ўтказиш анъанага айлантирилди ҳамда ушбу турнирда турли мамлакатлардан спортчи қизлар иштирок этишмоқда.

– Аёллар соғлигини мустаҳкамлаш, оилаларнинг тиббий маданиятини, ҳуқуқий саводхонлигини оширишга кўмаклашиш муҳим, – дейди Баҳора Ҳамдамова. – Партиямиз ташаббуси билан маҳаллаларда бепул тиббий кўрик, спорт мусобақалари ташкил қиляпмиз. Бундан аҳоли мамнун. Жойлардаги учрашувларда партиянинг дастурий мақсад ва вазифалари билан бирга қиз болаларни ҳаётга тайёрлаш, уларни замонавий касб-ҳунарга ўргатиш, санъат, спорт, илм-фан соҳаларига кенг жалб этиш муҳимлиги тўғрисида кўпроқ гапиряпмиз. Бу ўз самарасини беряпти.

Баҳора опа 2021 йилда мактаб ўқувчилари ўртасида спортни кенг тарғиб қилиш ва шу орқали ёшларни спортга кенгроқ жалб қилиш мақсадида “Биз соғлом ёшлармиз: Навоий шаҳридаги мактаб ўқувчилари орасида жисмоний тарбия ва соғлом турмуш тарзини оммалаштириш дастури” номли гранд лойиҳаси бўйича қатор ишларни амалга оширмоқда.

Оммавий жисмоний фаоллик тадбирларини тизимли ташкил қилиш орқали уни умуммиллий ҳаракатга айлантиришга ҳамда аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш қўшган улкан ҳиссаси учун жорий йилда Баҳора Ҳамдамова “Соғлом турмуш” медали билан тақдирланди.

Опа талабчан ва тўғрисўз бўлганлиги учун жамоа орасида, қўни-қўшни, маҳалла-куйда ҳам ҳурмати баланд. Шунингдек, Баҳора опа фарзандлари тарбиясига алоҳида эътибор қаратиб, уларни билимли, илмли, ўз ота-боболарига, ўз тарихи, Ватани, она тилига, миллати ва анъаналарига содиқ бўлиб камол топиши учун ҳаракат қилаётганлиги барчамизга ўрнак бўлади.

 

Хуршида Нарзиева,

Ўзбекистон ХДП Навоий вилоят кенгаши сектор мудири.

 

 

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти
← Рўйхатга қайтиш