Таъсирчан тарғиботнинг самараси катта бўлади

Сиёсий партия Дастури ва Сайловолди платформасида белгиланган вазифалар, электорат манфаатларини муносиб ҳимоя қилиш, хайрихоҳлар сафини кенгайтириш, шунингдек, депутатликка номзодлар тўғрисида сайловчиларга кенг ахборот беришда тарғибот-ташвиқот ишлари муҳим аҳамиятга эга.

Сайловолди тадбирлар тобора қизғин паллага кириб бораётган ҳозирги шароитда ЎзХДП бу йўналишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, жойларда депутатликка номзодларнинг таргиботчилик фаолиятига доир ўқув семинарлар изчил ўтказилмоқда.

Наманганда ташкил этилган семинарда тарғибот тадбирларини сифат жиҳатдан юқори босқичга кўтариш, сайловчилар билан ишлаш, депутатликка номзодларнинг таъсирчан тарғибот усулларидан самарали фойдаланишини ташкил этиш масалалари хусусида атрофлича сўз борди.

Семинарда ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов иштирок этиб, зарур тавсияларни берди.

Номзодларнинг сайловолди дастурлари қисқа ва лўнда бўлиши, аҳолининг ҳаётий эҳтиёжлари билан боғлиқ масалаларни илгари суриши кераклиги алоҳида уқтирилди.

– Бугун одамлар узундан-узун, умумий фикрлардан иборат маърузаларга муҳтож эмас, – деди партия етакчиси. – Шунинг учун партия дастурий мақсадларини, депутатликка номзодларнинг сайловолди дастури билан сайловчиларни таништиришда кўпроқ аҳоли билан эркин мулоқот, самимий суҳбатлар тарғидаги тадбирлардан фойдаланиш, қатнашчилар билан жонли мулоқотга киришиш керак. Партия ғояларини кўпроқ таҳлил, ҳаётий мисоллар, одамлар қалбига кириб борадиган йўллардан фойдаланиб тарғиб этиш яхши самара беради, деб ўйлаймиз. Акс ҳолда уни талабчан аудитория қабул қилмайди.

Улугбек Иноятов номзодларнинг бир катор саволларига жавоблар қайтарди. Номзодлар фаолиятига доир айрим масалаларга аниқлик киритилмоқда.

 

ЎзХДП Наманган вилоят кенгаши

Ахборот хизмати.

Теглар

Сайлов-2019
← Рўйхатга қайтиш