Халқ демократик партиясининг асосий мақсади — мамлакатимизда ижтимоий тенглик ва халқ демократияси мезонларига мос келадиган давлат ҳамда жамият барпо этишдир. Бундай давлатни шакллантириш барча соҳаларда ижтимоий адолат ва ижтимоий тенгликни қарор топтиришни англатади. Бу, ўз навбатида, нафақат ҳуқуқий тенглик, балки ижтимоий мавқеи, мулкий ҳолати ва даромадидан қатъи назар, устувор ҳуқуқларни амалга оширишда барча учун тенг имкониятлар яратишни тақозо этади.
Кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар асосий йўналишлари ҳам мана шу эзгу мақсадга қаратилаётгани алоҳида эътиборга молик жиҳат. Конституциянинг 1-бобида давлат суверенитети мустаҳкамланган. Мазкур бобдаги 1-моддага «Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат» тушунчасини киритиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.
Олим РАВШАНОВ,
Ўзбекистон ХДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси.
«Ўзбекистон овози», 1.06.2022, №22