«Инсон қадри учун»

 

Асосий Қонунимиз давлатчилик асосларимизни кафолатлаган муқаддас ҳужжатдир. Шу билан бирга, Конституциямиз ривожланган давлатлар қаторига киришимиз учун ислоҳотлар манбаи бўлиб ҳам хизмат қилиши муҳим, деб ўйлайман.

Ана шу нуқтаи назардан бир-иккита таклифларим бор. Менимча, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқаролик жамияти институтлари ва сиёсий партиялар фаолиятини ривожлантириш, бу жараёнда халқ вакиллари мақомини кўтаришга қаратилган масалаларни муҳокама қилиб, конституцион кафолатларни мустаҳкамлаш лозим.

Ўзгартишлар ҳақида сўз юритадиган бўлсак, аввало, мамлакатда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари кафолатланган бўлиши лозим. Бироқ кўпгина ҳолатларда гувоҳи бўламизки, инсон қадрини топташ, унинг ҳуқуқларини поймол қилиш, давлат хизматчиларининг ишчилари шаънига номақбул сўзлар айтаётгани ёки бўлмаса, инсон шаъни ва қадр-қимматини камситадиган, унинг шахсий ҳаётига тааллуқли маълумотлар тарқалиб кетишига олиб келадиган, соғлиғини хавф остига қўядиган, асоссиз равишда унга жисмоний ва маънавий азоб-уқубат етказадиган ҳаракатлар қилиш ёки қарорлар чиқариш ҳолатлари мавжуд. Тўғри, бу масалаларга кодексларда жазолар белгиланган, Асосий қонунимизда инсон шаъни ва қадр-қимматини кафолатловчи нормалар қисман белгилаб берилган. Бугунги демократик тамойиллар ва «Инсон қадри учун» тамойилидан келиб чиқиб, 13-моддани қайта кўриб чиқиш ва ўзгартириш мумкин, деб ўйлайман.

Инсон қадр-қимматини ҳурмат қилиш ва ҳимоя қилиш ҳар қандай давлат ҳокимиятининг қатъий бурчи ҳисобланади, буни Конституцияда кафолатлаш зарур.

Яна бир муҳим масала, қонун олдида барчанинг тенглиги тамойили. Бу тамойил Бош қомусимизда мустаҳкамлаб қўйилган бўлса-да, амалда айрим ҳолларда Асосий қонунда белгиланган тамойилларга зид равишда буни чекловчи нормалар ҳам кузатиляпти. Бугунги кунда баъзи давлат органлари ўз ходимларининг шахсий дахлсизлиги ва ҳуқуқий устуворлигини таъминлаб олишга қаратилган норматив ҳужжатларни қабул қилишга интилмоқда. Хоҳ давлат хизматчиси, хоҳ вазир, ёинки, оддий хизматчи, уларнинг барчаси мамлакатнинг тенг ҳуқуқли фуқароси ҳисобланади. Шундай мустаҳкам норма бўлиши керакки, ҳеч қайси давлат органи конституциявий кафолатларга зид нормалар билан қарорлар қабул қилмасин. Шунинг учун 18-моддада фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилик тамойилини мустаҳкамлаш керак. Турли қатламларга бериладиган имтиёзлар қайсидир норматив ҳужжат билан эмас, фақат қонун билан белгиланиши ҳамда ижтимоий адолат принципларига мос бўлиши лозим.

 

Аброр ҚУРБОНОВ,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи.

«Ўзбекистон овози», 1.06.2022, №22

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш