“Мурувват” интернат уйида байрами шукуҳи

 

Азалдан халқимиз – ўғил-қизи, нуридийдасига нисбатан меҳру муҳаббати, ғамхўрлигини намоён этиб, болага мурғаклигидан алоҳида эътибор кўрсатиб келган. Дилбандларига муносабатида миллатдошларимизда ўзига хос куюнчаклик, жонкуярлик сақланиб қолгани ҳам бежиз эмас. Зеро, фарзандларимиз – ҳаётимиз давомчилари, нуридийдаларимиз, келажагимиздир. Уларни асраб-авайлаб камолга етказиб, муносиб таълим-тарбия бериш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳаётда ўз ўрни ва йўлини топиб кетишида елка тутиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Бухоро вилоятининг барча гўшаларида турли хил маданий-кўнгилочар тадбирлар ташкил этилиб, болажонларга меҳр-муҳаббат ва ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Шундай тадбирлардан бири вилоят ҳокимлиги, прокуратура, тиббий ижтимоий хизматларни ривожлантириш ва халқ таълими бошқармалари, Халқ демократик партияси вилоят кенгаши билан ҳамкорликда Бухоро шаҳридаги “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар учун интернат уйида ташкил этилди. Куй-қўшиқ ва рақслар ҳамоҳанглигида ўтган байрам тадбирида сўзга чиққанлар муассасада тарбияланаётган болажонларни 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни билан қизғин табриклаб, юртимизда болажонларга ҳар соҳада кўрсатилаётган ғамхўрликни алоҳида эътироф этдилар.

Шундан сўнг интернат уйида тарбияланаётган ўғил-қизларга спорт инвентарлари, турли хилдаги ўйинчоқ ва совғалар тақдим этилди.

Байрам дастури муассаса ўқувчиларининг чиқишлари билан давом этди. Унда ҳар хил томошалар, бахтли болалик, гўзал диёримиз мадҳ этилган қўшиқлар, шўх куйлар болаларга бир олам завқ бағишлади.

Маълумот ўрнида: “Мурувват” ногиронлиги бўлган болалар учун интернат уйи 1970 йилда ташкил этилган бўлиб, 2020 йилда давлат бюджети ҳисобидан 311 миллион сўм маблағ эвазига қайта таъмирланган. Айни кунда бу муассасада давлат ижтимоий муҳофазасига олинган болалар сони 270 нафарни ташкил қилади ва уларга 14 нафар тор доирадаги врач, 32 нафар ўрта тиббиёт ходими, қолаверса, 93 нафар тарбиячи хизмат кўрсатиб келмоқда.

 

Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш