Халқимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш асосий мақсадимиздир!

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайлов ўтказувчи 51-Чортоқ сайлов округидан ЎзХДП номзоди Шоҳиста Турғунова билан сайловчилар вакилларининг учрашуви бўлиб ўтди.

Якшанба куни бўлишига қарамай сайловчилар вакиллари учрашув бўладиган жойга жам бўлишди. Округ сайлов комиссияси аьзоси Юнусали Дадабоев сўзни номзоднинг ишончли вакиллари Абдуллохон Ўринбоев ва Абдулҳамид Раҳматовларга берди. Улар депутатликка номзоднинг таржимаи ҳоли, ҳаётий қарашлари ва инсоний фазилатлари ҳақида батафсил маълумот беришди.

– Фуқароларимиз юртимизда бўлаётган ўзгаришлар, воқеаларга бефарқ эмас, айниқса, сайловларга, — дейди номзоднинг ишончли вакиллари Абдуллохон Ўринбоев. — Улар Буни биргина депутатликка номзод билан бугунги учрашувга кутилганиданда зиёд одам келаётганидан ҳам кўриш мумкин. Кўпчиликни Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Сайловолди дастурида илгари сурилган масалалар, номзод қандай ғояларни кўтариб чиқаётгани қизиқтираяпти.

Учрашувда ЎзХДПнинг дастурий мақсадлари ва номзоднинг фаолияти, муносиблиги ғоят самимий баён этилди. Шоҳиста Турғунова партия Сайловолди дастури асосида ўзи илгари сураётган ижтимоий-иқтисодий масалалар юзасидан фикр-мулоҳазаларини баён этди.

Учрашув жуда самимий руҳда, очиқ-ошкора савол жавоблар асосида ўтди ва амалий таклифларга бой бўлди.

 

ЎзХДП Наманган вилоят кенгаши

Ахборот хизмати.

Теглар

Депутат Сайлов-2019
← Рўйхатга қайтиш