Бир дарё сувини ичган икки халқмиз

 

Дастурхонимизга тортилган ҳар қандай тансиқ таомимизда қўшнимизнинг ризқи бор экан. Бизга ота-бобомиз, она ва момомиздан шундай удум ва шу каби ўгитлар мерос бўлиб қолган.

Биз ана шундай гўзал маънавият ичида улғайган элу, зарур бўлса, бир майизни қирқ бўлиб ейишгада қодир улуғ бир халқмиз. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турганлиги ҳам келгусида икки мамлакат ўртасидаги қўшничилик муносабатларининг янада юқорироқ поғоналарга кўтарилишига етарлича асос бўлишини бугун ишонч билан айта олишимиз мумкин.

Таъкидлаш жоиз, халқларимиз ўртасидаги мазкур илиқ борди-келди муносабатларимиз келгусида ҳам халқаро алоқалар тарихидаги энг эсда қоларли олий даражадаги ташрифлар сирасида қайд этилиши шубҳасиздир.

Шерикликнинг янги поғонаси

Айтиш мумкинки, икки қардош халқ ўртасидаги ўзаро девор дармиён қўшничилигимиз, самимий ва дўстона алоқаларимиз Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қуйидаги фикрларида тўла намоён бўлган: «Ўзбек ва тожик халқи бир дарахтнинг икки шоҳи, бир дарёнинг икки ирмоғига қиёсдир. Бизнинг динимиз, еримиз ва сувимиз бир. Бир мақсад йўлида бирлашган ҳолда, қувончу шодлигимизда ҳам, қайғуйимизда ҳам доимо биргамиз. Аждодлар анъанасига содиқ қолган ҳолда, халқларимиз ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамламоғимиз даркор».

Дарҳақиқат, Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатида, хусусан Тожикистон Республикаси билан юқоридаги фикрларга оғишмай амал қилаётгани икки давлат ўртасидаги муносабатларда тобора яққолроқ акс этиб бормоқда. Бу эса, давлатимиз раҳбарининг мазкур масала борасидаги ўз фикрида собит эканлиги ва давлатлар ўртасидаги тенг шериклик, манфаатдорликнинг тарафдори эканидан далолатдир.

Мисол учун, 2018 йилда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида давлатлараро стратегик шериклик алоқалари йўлга қўйилган эди. Бу эса давлатлараро турли тармоқларда ўзаро манфаатли алоқаларнинг тикланиши ҳамда ривожланишига катта туртки берди.

Дарҳақиқат, 2018 йилнинг 17-18 август кунлари Тожикистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикасига қилган биринчи давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни тамомила янги босқичга олиб чиққани билан тарихга кирди.

Икки кунлик ташриф давомида Президентлар ўзаро алоқаларни томонлар учун манфаатли йўналишда, мавжуд имкониятларни тўла ишга солиш ҳисобига ривожлантиришнинг муҳим жиҳатларини муҳокама қилишди.

Учрашувда жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, транспорт-коммуникация, ҳарбий-техник, сув-энергетик, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш масалалари муҳокама қилиниб, уларнинг якуни бўйича қўшма қарорлар қабул қилинди.

Ўз навбатида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йилнинг 10-11 июнь кунлари Тожикистонга расмий ташриф билан борди.

Ташриф давомида ўтказилган музокараларда савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, саноат кооперациясини чуқурлаштириш, транспорт соҳасидаги ва ҳудудлар ўртасидаги шерикликни ривожлантириш, энергетика йўналишидаги улкан салоҳиятни самарали ишга солиш, маданий-гуманитар алмашинувларни давом эттириш, замонавий таҳдид ва хатарларга қарши курашиш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Музокаралар якуни бўйича жами 35 та ҳужжат имзолангани эса ўзаро алоқаларнинг тадрижий ривожланишида муҳим ўрин тутди.

Бу галги ташриф дастурига кўра, икки давлат ўртасида Абадий дўстлик декларацияси имзоланиши кутилмоқда. Демакки, ўзаро алоқаларда тарихий лаҳзалар гувоҳи бўлмоқдамиз. Зотан, мазкур ҳужжат савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни изчиллик билан янада самарали давом қилишда мавжуд имкониятларни янада оширишга хизмат қилади.

2018 йил 28 август куни давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида стратегик шерикчиликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди.

Ҳозирги кунда қабул қилинган мазкур қарор давлатлараро келишувлардаги белгиланган вазифаларни изчил равишда ҳаётга татбиқ қилишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси вазифасини ўтамоқда. Бу ҳақда кўплаб илиқ гапларни ёзиш мумкин.

Икки давлат ўртасида имзоланаётган ҳужжатлар ҳаётга қай тарзда татбиқ этилмоқда?

Бу саволга жавоб бериш асносидаги ўрганишлардан англашиладики, бугун давлатлараро биргаликда қўлга киритилаётган ютуқлар салмоғи анчагина. Айни пайтда амалга ошаётган ташриф арафасида, аниқроғи, 2022 йил 1 июнь куни Тошкентдаги Марказий Осиё халқаро институтида «Марказий Осиёда барқарор тараққиётни таъминлашда Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шерикликнинг роли» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтганидан хабардормиз.

Мазкур тадбирда Ўзбекистондан Марказий Осиё халқаро институти, Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Президент Aдминистрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Ўзбекистон Фанлар академияси, Тожикистон Республикасидан эса, Президент ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази, Миллий Фанлар академияси мутахассислари, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ҳамда мустақил экспертлар иштирок этишди.

Биз учун аҳамиятлиси, унда сўзга чиққан Тожикистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Манзура Рустамова икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг амалий натижалари ҳақида тўхталиб, бугунги кунга қадар давлатлараро 300 дан зиёд қўшма корхоналар ташкил этилганини маълум қилди.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми эса, охирги олти йилда 37 баробар ошган. Биргина, 2022 йилнинг дастлабки чорагида ушбу кўрсаткич 173,6 млн. АҚШ долларига етди.

Таққослаш учун айтиш жоизки, бу 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 40 млн. АҚШ доллари ёки 30,4 фоизга кўпдир. Иқтисодиётдаги бундай ўсиш шубҳасиз, икки давлат халқлари турмуш фаровонлиги ошишига замин яратмоқда.

Ишончли дўстона алоқалар эса қўшнилар ҳаётига барака келтириши шубҳасиздир. Давлатлараро муносабатларнинг мустаҳкамланиши, аввало халқларнинг ўзаро яқинлашуви, қуда-андачилик ва аҳил қўшничилик муносабатларини ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Бунинг учун ҳам барча зарур шароитлар яратилмоқда.

Мисол учун, кейинги йилларда давлат чегараларида 20 га яқин ўтказиш пунктлари очилди. Ўзбекистон фуқаролари учун Тожикистонда рўйхатдан ўтмасдан юриш муддати 10 кунгача узайтирилди, илгари бу муддат 3 кун эди.

Шунингдек, 2018 йил май ойида Тошкент -Хўжанд-Тошкент йўналишида халқаро автобус қатнови йўлга қўйилди. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси икки давлат фуқаролари манфаатларини кўзлаб, авиачипталар нархини икки мартага арзонлаштирди. Душанбе билан Самарқанд ва Бухоро ўртасида авиақатновлар ҳам қайта тикланмоқда.

Бу эса маданий-гуманитар, сайёҳлик соҳалари бўйича ҳам алоқалар мустаҳкамланишига замин яратмоқда. Хусусан, жорий йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида «Дўстлик насими» номли адабий учрашув ўтказилди. Унда ўзбек ва тожик адиблари икки халқ ўзаро алоқаларининг ўта гўзал ва бетакрор ижодий талқинини намойиш қилишди.

Сўнгги сўз ўрнида

Бир сўз билан айтганда, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг мамлакатимизга амалга оширган расмий ташрифи бу гал ҳам ўзаро ишонч ва дўстона руҳда, ҳар икки тараф учун тенг манфаатли бўлишига барча асослар мавжуд. Зеро, Президентларнинг ҳар бир учрашувидан халқларимиз доим яхши янгиликлар кутишга одатланишган ва бунга ишонади.

 

Зулайҳо АКРАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш