Ёлланма ишчилар ижтимоий муҳофазасини кафолатлаш уларнинг турмуш шароитини яхшилашнинг муҳим гаровидир

 

Кейинги беш йилда қабул қилинган Президент қарор, фармонлари камбағал ва ишсиз фуқароларни замонавий касб-ҳунар, тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш, шу асосда, уларни доимий даромад келтирадиган меҳнат ҳамда тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш орқали бандлигини таъминлашнинг қонуний фаолиятига пойдевор вазифасини бажармоқда.

2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 85-мақсадида, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ва шу орқали 2026 йил якунига қадар камбағалликни камида 2 бараварга қисқартириш вазифаси белгиланган. Мазкур устувор вазифани амалга ошириш мақсадида, камбағалликни қисқартириш давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, норасмий ишлаётган 2 миллион нафар фуқаронинг бандлигини легаллаштиришга ёрдам бериш орқали уларда ижтимоий кафолат ва имтиёзлардан тўлиқ фойдаланиш имкониятини яратиш, аёллар орасидаги ишсизлик даражасини 2 бараварга камайтириш, 700 мингдан зиёд ишсиз хотин-қизларни давлат ҳисобидан касб-ҳунарга ўқитиш ҳамда ишсиз хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш ва ўзини ўзи банд қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш белгилаб берилган.

Шунингдек, давлат ижтимоий ёрдами ва хизматларини кўрсатишда «маҳаллабай» тамойили асосида ижтимоий ишларни олиб бориш механизмини йўлга қўйиш, шаҳарлар ва туманлар кесимида камбағал тоифадаги оилалар, аёллар ва ёшларни ягона электрон ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш, бунда ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантириш, ижтимоий нафақа тайинлаш мезонларига жавоб берадиган барча эҳтиёжманд аҳолининг камида 85 фоизини ижтимоий ёрдам дастурлари билан қамраб олиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ва аҳоли қатламларига, шунингдек, вақтинчалик оғир шароитга тушиб қолган фуқароларга тўғридан-тўғри давлат ижтимоий ёрдамини кўрсатиш каби муҳим ижтимоий вазифалар ўрин олган.

Кейинги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳар томонлама қўллаб-қўвватлаш борасида мисли кўрилмаган амалий ишлар бажарилмоқда. Бунга ногиронлиги бўлган шахслар учун иш ўринлари яратаётган тадбиркорлик субъектларига Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан тижорат банклари орқали ҳар бир яратилаётган иш ўрни учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваригача, бироқ жами ҳар бир тадбиркорлик субъекти учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараваридан ошмаган миқдорда 3 йил муддатга, бир йиллик имтиёзли давр билан Марказий банкнинг асосий ставкасида, яратилган иш ўрнида ногиронлиги бўлган шахсларнинг камида бир йил ишлаши шарти билан микрокредитлар ажратиш тартиби жорий этилганини мисол сифатида келтириш мумкин.

Шунинг билан бирга, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали кам таъминланган оила аъзоси сифатида эътироф этилган ёки «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»дан бирига киритилган ва ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси йўли билан вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижга чиқиб кетаётган шахсларга микроқарзлар бериш тартиби жорий қилинди.

Микроқарзлар хорижда ишга жойлашиш (шу жумладан, йўл ҳақини тўлаш ва меҳнат фаолиятига рухсат олиш) билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун 10 миллион сўмгача миқдорда бир йил муддатга берилмоқда. Микроқарз фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошадиган, лекин асосий ставканинг 1,5 бараваридан кўп бўлмаган қисми Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан компенсация қилинади.

Бу каби ижтимоий комплекс ҳимоя тизими ишсизларни турмуш шароитларини яхшилаш, уларни ижтимоий муҳофазасини кафолатлаш, муносиб иш ўринлари билан таъминлаш, оиласига фаровонлик олиб кириши, касбга ўргатиш, ўқитиш меҳнат бозори учун энг зарур ишчи кучларига айланишига хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда миллий қонунчилигимизда ёлланиб ишловчиларнинг хавфсизлиги, меҳнати муҳофазасига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд эмас. Бу эса ёлланиб ишловчиларнинг ҳуқуқлари етарли даражада ҳимоя қилинмаётганлигини билдиради. Мисол учун, агар бирор бир шахс ишлаш давомида жароҳат оладиган бўлса ёки вафот этса унинг хавфсизлиги таъминланмаганлиги учун ким жавобгар бўлиши белгиланмаган. Бундан ташқари, ёлланиб ишловчи шахсларга бажарган иши учун келишилган ҳақ тўлиқ тўлаб берилмаса ёки умуман тўланмаса, мазкур шахслар кимга мурожаат қилишлари ҳеч қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжатда кўрсатиб ўтилмаган.

Улар умумий тартибда судга мурожаат қилиб ўз ҳуқуқлари ҳимоя қилинишидан фойдаланиши мумкин, лекин бу узоқ давом этадиган жараён. Уларнинг меҳнатини эксплуатация қилган шахсларга нисбатан самарали таъсир чоралари белгиланмаган. Шунингдек, меҳнат шароити ва санитар гигиеник талаблар ҳам назорат қилинмайди ва ишга ёлловчилар қулай меҳнат шароитини яратиб бериш мажбуриятининг қонуний асослари мавжуд эмас.

Шунинг учун ёлланма ишчилар манфаатларини таъминлаш, йиллар давомида уларни қийнаб келган ижтимоий муаммоларни бартараф этиш, уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича аниқ вазифалар белгиланиб олиниши лозим. Ёлланма ишчи ва уларни ёлловчиларнинг муносабатларида ечимини кутаётган қийинчиликлари, муаммолар мавжуд. Ёлланма ишчиларнинг орасида вилоятлардан келган, ушбу ҳудудда яшамайдиган, кимлигини сўраб-суриштириш керак бўлганлар кўп. Таклиф этилаётган иш бўйича малакаси ҳам номаълум, фақат ишига тўланадиган пул миқдори оғзаки келишиб, таваккал қилиб иш таклиф этилади.

Мазкур асослардан келиб чиқиб, биринчи навбатда Ўзбекистон Республикасининг «Ёлланма ишчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўғрисида»ги қонунини қабул қилиш лозим, деб ҳисоблайман.

Ўрни келганда таъкидлаш керак, Асосий қонунимизда ёлланиб ишлаётган барча фуқароларнинг қадр-қимматини кафолатловчи нормалар қисман белгилаб берилган.

Бугунги демократик тамойиллар ва «Инсон қадри учун» тамойилидан келиб чиқиб, Бош қомусимизнинг «Иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлари» 9-боби 38-моддасига:

«Ёлланма ишчиларнинг ижтимоий кафолати қонун билан белгиланади», деган нормани киритишни таклиф этаман.

Хулоса ўрнида айтганда, мазкур норманинг Бош қомусимизда муҳрланиши мамлакатда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қимматини улуғлашга хизмат қилади.

 

Боймурод Юсупов,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи.

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш