Мирзачўлда IV пленум йиғилиши бўлиб ўтди

 

ЎзХДП Мирзачўл туман кенгашининг IV пленум йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Халқ демократик партияси дастуридаги устувор йўналишлар ҳамда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга оширишда Мирзачўл туман партия ташкилотлари ҳамда депутатлик гуруҳларининг иштирокини таъминлаш масалалари муҳокама этилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш борасида таклифлар тайёрлаш ҳамда ташкилий ишлар фаолиятига доир масалалар кўриб чиқилди.

Йиғилишда туман кенгаши депутатлари, партия фаоллари, БПТ аъзолари, шунингдек маҳалла фаоллари иштирок этишди. Пленумни ЎзХДП Мирзачўл туман кенгаши раиси А.Намозова олиб борди ва кун тартибидаги масалалар юзасидан маъруза қилди.

Маърузада туман партия ташкилотларининг дастурий устувор йўналишларини амалга ошириш борасидаги фаолияти, 2022 йил учун ҳамда ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган вазифаларни белгилаш масалалари танқидий-таҳлил жиҳатдан кўриб чиқилди.

Тараққиёт стратегияси партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари олдига долзарб ижтимоий аҳамиятга эга бўлган вазифаларни қўймоқда. Ушбу ҳужжатдан келиб чиқиб, партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларини янада долзарб масалалар билан қамраб олиш, депутатлик бирлашмалари ва партия ташкилотларининг фаолияти самарадорлигини баҳолашда ўз-ўзини танқид қилиш жиҳатидан ёндашиш зарур.

Шунинг учун парламент, депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича маълум муддатларга мўлжалланган дастурлар ишлаб чиқиш, “Қонунчилик ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими” ва “Менинг фикрим” порталларида жамоатчилик муҳокамасига қўйилаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни шакллантиришда халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳи ва маҳаллий партия ташкилотлари иштирокини кучайтириш шу каби масалалардандир. Пленумда партия туман кенгаши Ижроия қўмитасининг 2021 йилдаги фаолияти, халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия гуруҳининг 2021 йил иш фаолияти якунлари юзасидан ахбороти эшитилди ҳамда келгусидаги устувор вазифалар белгилаб олинди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди.

 

ЎзХДП Жиззах вилояти кенгаши

Ахборот хизмати.

 

 

 

 

Теглар

Пленум Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш