Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда “Стандартлаштириш тўғрисида”ги, “Мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисида”ги, “Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.
Хусусан, фракция аъзолари томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси атрофлича муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, сўнгги йилларда аҳоли пунктларини кўкаламзорлаштириш, дарахт ва буталарни муҳофаза қилиш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш, уларни сақлаб қолиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, давлат раҳбарининг тегишли Фармони билан ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига эълон қилинган мораторийнинг амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилди. Лекин, шунга қармасдан, айрим шахслар томонидан ўсимлик дунёси объектларига тажовузкор ҳаракатлари, шу жумладан, дарахтларни ноқонуний кесиш билан боғлиқ ҳолатлар кузатилмоқда ва бу умумэкологик вазиятнинг ёмонлашишига ва жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Шундан келиб чиқиб қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Қонун лойиҳаси билан дарахт ва буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесганлик, кундаков қилганлик, шикастлантирганлик, йўқ қилганлик ёки бошқа жойга кўчириб ўтказганлик учун жарима миқдорларини ошириш белгиланмоқда.
Шунингдек, маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган ҳуқуқбузарлик учун ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш чораларини белгилаш кўзда тутилмоқда.
Фракция аъзолари томонидан лойиҳадаги ҳар бир норма атрофлича муҳокама қилиниб, бир қатор таклифлар берилди. Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.
Депутатлар йиғилишда кўриб чиқилган бошқа қонун лойиҳаларига ҳам электорат манфаати нуқтаи назаридан муносабат билдиришди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.