Хизматлар кўрсатиш соҳасида туб ўзгаришлар кутилмоқда

 

Хизматлар – кам харажат билан кўп аҳолининг бандлигини таъминлаш мумкин бўлган мақсадли соҳа ҳисобланади. Албатта, ушбу тизимни ривожлантириш орқали уни сердаромад тармоқлардан бирига айлантириш мумкин. Шу боис давлатимиз раҳбари ташаббуси билан соҳани ривожлантириш, янги инвестицияларни жорий этиш бўйича улкан ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида хизматлар кўрсатишни ривожлантириш масалалари муҳокамаси бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида мазкур йўналишдаги барча масалалар танқидий-таҳлилий кўриб чиқилди.

Хабарингиз бор, жорий йил 27 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарори қабул қилинган эди. Унга мувофиқ, бу соҳага кўплаб енгилликлар ва имтиёзли ресурслар ажратилди. Булар орқали жорий йилда 120 мингдан ортиқ янги лойиҳаларни амалга ошириб, хизматлар ҳажмини 435 триллион сўмга етказиш режа қилинган.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда бу борада ҳудудларда бажарилган ишлар таҳлил этилди. Ҳокимлар халқни ўйлаб, ҳалол ишлаб, тадбиркорларга ер, бино ва инфратузилма масаласида ёрдам берган жойларда натижа бўлган. Масалан, Тошкент шаҳри, Самарқанд, Фарғона ва Андижон вилоятларида минглаб иш ўринлари очилганлиги эътироф этилди.

Сўнгги икки ойда хизмат жойлари ташкил этиш учун 12 мингта ер майдони аукционга қўйилган. Лекин 27 та туманда савдога чиқарилган майдонлар сони 10 тага ҳам етмаган. Шу сабабли бундай сусткашликка йўл қўйган шаҳар ва туман ҳокимлари, уларнинг қурилиш бўйича ўринбосарларига интизомий жазо чоралари белгиланди.

Хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича 9 ой ва йил якунигача бўлган режалар муҳокама қилинар экан, Бухоро тажрибаси бу борада намуна қилиб кўрсатилди. Мисол учун, Бухоро шаҳридаги тадбиркорлар меҳмонхона, ошхона, савдо дўконларининг том қисмида ресторан ва кафетерийлар ташкил этган. Имтиёзли кредитлар самарадорлиги таҳлил қилинганда, бир иш ўрни очиш учун ўртача 8-9 миллион сўм кетган, холос. Мутасаддиларга ушбу тажрибани бошқа шаҳар ва туман марказларида ҳам жорий қилиш, бунинг учун хавфсизлик талаблари ҳамда ижарага бериш шартларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Умуман, юртимизда аҳолига қулай ва серқатнов йўл бўйларида давлат идораларининг балансидаги 4 мингга яқин маъмурий бино жойлашган. Ушбу бино ва иншоотлардан ҳам сервис соҳасида самарали фойдаланиш мумкинлиги таъкидлаб ўтилди. Таъкидланганидек, хизмат шохобчалари ташкил этиш учун, аввало, қулай жой керак. Шу боис йиғилишда яна 25 мингта ер майдонлари сервис ва савдо объектлари учун аукционга чиқарилиши белгиланди.

Бу борада аҳолига янада қулайлик яратиш учун энди ерларни аукционга қўйиш жараёни ижара бўйича 48 кундан 15 кунга, мулк ҳуқуқида 74 кундан 20 кунга қисқартириши, ер майдонларини баҳолаш экспертизадан ўтказилмасдан, ҳақиқий баҳоси аукционда аниқланишини белгилаб берилди. Шу билан бирга, 2023 йил 1 январдан бошлаб, ерларни аукционга чиқаришда кадастр идораларида бор маълумотларни бошқа идоралар билан келишиш тартиби бекор қилинади. Барча вазирликларнинг кадастр маълумотлари Миллий геоахборот тизимига киритилади.

Жорий йил 1 сентябргача 205 та туман ва шаҳарда 253 та махсус савдо ва хизмат кўрсатиш кўчаларини ташкил этиш режалаштирилган. Бу мақсадлар учун ўтган йили республика бюджетидан 1 триллион 400 миллиард сўм, жорий йилда эса 900 миллиард сўм ажратилган. Масалан, Жиззах вилоятининг, Жиззах шаҳар, “Жиззахлик” маҳалласидаги ёпиқ кўча Шароф Рашидов марказий кўчасига боғланиб, савдо ва сервис шохобчаларига туну кун ишлашга рухсат берилганлиги, натижада бизнес ривожланиб, 200 та иш ўрни яратилганлиги таъкидлаб ўтилди.

Вилоят ҳокимларига шаҳар ва туманларда шундай кўчалар ташкил этиб, сервисни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берилди. Президент кўчма ва енгил конструкцияли савдо фаолияти учун талабларни соддалаштириш зарурлигини белгилаб берилди. Жумладан, уй-жой мулкдорлари ширкатлари, маҳалла, ободонлаштириш ва йўл ташкилотларига ўз ҳудудида мавсумий кафе ва савдо нуқталарини ташкил этишга рухсат берилади. Бу орқали қарийб 50 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланиши устувор вазифа этиб белгилаб берилди.

Давлат раҳбари томонидан белгилаб берилган мазкур вазифалар ижросини таъминлаш биз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда маҳаллий кенгаш депутатлари олдига ҳам бир қатор масъулиятли вазифаларни қўяди. Депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, партия дастури ва сайловолди платформасидан келиб чиқиб, айнан шу йўналишдаги ишларни янада кучайтиришимиз бугунги кундаги долзарб вазифаларимиздан бирига айланиши лозим.

 

Урол Ўразбоев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш